Қорақалпоғистон Республикасига “Coca-Cola” жамғармаси томонидан молиялаштирилган 200.000 АҚШ долларига тенг қийматли ўпкани сунъий шамоллатиш (ЎСШ) ускуналари етказилади. Бу ҳақда сайтимизга БМТ Тараққиёт дастури матбуот хизмати раҳбари Феруза НОМОЗОВА хабар қилди...
2020 йил 21 октябрда “Coca-Cola” жамғармаси томонидан молиялаштирилган 200.000 АҚШ доллари қийматли 4 та ЎСШ БМТТД томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига топширди. Ушбу зарур жиҳозлар Қорақалпоғистон Республикаси минтақасида COVID-19 вирусини юқтирган беморларга ёрдам бериш ва даволаш имконини кенгайтиради. COVID-19 Ўзбекистонда пайдо бўлганидан кўп ўтмай, “Coca-Cola” жамғармаси инсонпарварлик ёрдами доирасида ЎСШ ва бошқа тиббий жиҳозлар билан таъминлаш мақсадида 200.000 АҚШ доллари миқдорида грант ажратди. Ушбу жиҳозларни Ўзбекистоннинг тиббий ёрдамга муҳтож бўлган минтақаларига етказиб бериш БМТТД зиммасига юклатилган. Тошкентда бўлиб ўтган расмий топшириш маросимида Ўзбекистондаги “Coca-Cola” компаниясининг раҳбари Шадаб Аҳмед Хан ва БМТТД доимий вакили Матилда Димовска ЎСШ мосламаларини Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг вакили Яҳё Солиевга расмий равишда топширишди. ЎСШ ускуналари эндиликда Нукусга 22 октябрда етиб келиши ва ишга туширилиши кутилмоқда.
Шунингдек, “Coca-Cola” томонидан ажратилаётган маблағлар узоқ муддатда мамлакатнинг соғлиқни сақлаш соҳаси нуфузи ҳамда маҳаллий салоҳиятини сақлашга муҳим ҳисса қўшиши кутилмоқда. Чунки, сотиб олинаётган бу ускуналар нафақат коронавирус, балки бошқа касалликларнинг бошланғич босқичида аниқлаш, кузатиш ва ўрганиш учун энг аниқ лаборатория усулларига асосланади.
Матилда ДИМОВСКА, БМТТД доимий вакили:
— COVID-19 инқирози каби мушкул даврда бизнинг ҳамкорлигимиз ривожланганини таъкидлаш жуда қувончлидир. Пандемия бизнинг ҳамкорлигимизни нафақат кучайтирди, балки бизни Қорақалпоғистон халқини қўллаб-қувватлаш учун ҳамда маҳаллий аҳоли саломатлиги ва фаровонлигини ошириш учун бирлаштирди.

Шадаб Аҳмед Хан, Ўзбекистондаги “Coca-Cola” компаниясининг раҳбари:
— БМТТД билан Ўзбекистондаги бошқа хайрия лойиҳалар бўйича муваффақиятли ҳамкорлик тарихимиз бор ва биз ушбу ташкилот билан яна ҳамкорлик қилишдан мамнунмиз. Бугун биз Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига ускуналаримизнинг биринчи партиясини – ўпканинг сунъий шамоллатиш мосламаларини топширганимиздан мамнунмиз. Умид қиламизки, ушбу ускуналар кўпроқ одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам беради. Фурсатдан фойдаланиб, мен тиббиёт ходимларига ўз миннатдорлигимни билдираман. Вазият тез орада яхшиланади ва биз намойиш этаётган сифатлар, яъни бирдамлик, мослашувчанлик, одамларга ғамхўрлик ўзгармай қолади.

Тадбир сўнгида Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг вакили Яҳё СОЛИЕВ кўрсатилган ёрдам учун ўз миннатдорлигини билдирди:
— Ушбу мушкул пайтда Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш тизимида даволанаётган беморларга зарур тиббий ёрдам кўрсатиб, COVID-19га қарши курашиш учун қўлдан келган барча ишларни қилмоқдамиз. Табиийки, сунъий ўпка шамоллатиш мосламалари каби ускуналарга эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги номидан бизга кўрсатилаётган ёрдам учун чуқур миннатдорлик билдираман.
Эслатиб ўтамиз, БМТТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси 2011 йилдан бери “Coca-Cola” жамғармаси билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ўтган йилларда 5 та кичик лойиҳа “Coca-Cola” жамғармаси томонидан 505.000 АҚШ доллари миқдорида молиялаштирилди. Ушбу лойиҳалар миллий агентликлар ва ташкилотлар билан ҳамкорликда Самарқанд, Навоий ва Қорақалпоғистон вилоятларининг чекка қишлоқларида муваффақиятли амалга оширилди.






