АсосийЖАМИЯТ

Мудофаа вазирлигида "Тил – миллатнинг энг буюк қадрияти" танлови ғолиблари тақдирланди

Ўзбекистон Республикаси “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг қабул қилинганига 31 йил тўлиши в...

'Мудофаа вазирлигида "Тил – миллатнинг энг буюк қадрияти" танлови ғолиблари тақдирланди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг қабул қилинганига 31 йил тўлиши ва 21 октябрь санаси“Ўзбек тили байрами куни” деб белгилангани муносабати билан Мудофаа вазирлиги “Ватанпарвар” газетаси таҳририяти томонидан ҳарбий  хизматчилар, Қуролли Кучлар хизматчилари ва уларнинг оила аъзолари, шунингдек кенг жамоатчилик вакиллари ўртасида “Тил – миллатнинг энг буюк қадрияти” деб номланган танлов ташкил этилди.

Қувонарлиси, танловда турли соҳа ва касб вакиллари  фаол иштирок этди.  Иштирокчилар томонидан тақдим этилган жавоблар таҳририят ижодий ходимларидан иборат ҳайъат томонидан кўриб чиқилди ва ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Бу ҳақда "Ватанпарвар" газетаси мухбири Гулнора Хожимуротова хабар бермоқда.

Таъкидланишича, якуний натижаларга кўра, 1-ўринни контракт бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Шерзод Ражабов эгаллади. 2-ўринни Тошкент шаҳар руҳий-асаб касалликлари клиник шифохонаси кардиологи Ҳулкар Ниёзова ва Фарм компанияси менеджери Саида Ҳошимова, 3-ўринни Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабаси Шерали Азизов, Фарғона шаҳар 2-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси Исфандиёр Баховиддинов ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ мутахассиси Отабек Ражабов қўлга киритган. 

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаментида танлов ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбирда ғолиб ва совриндорлар диплом, китоб ва пул мукофоти билан тақдирланди. 

           – Танловда иштирок этиб ғолиб бўлганимдан фахрландим. Йўқ, хурсандчилигим мукофот учун эмас. Аксинча, мен ўзбек тилидек имконияти кенг, жозибадор, дунё саҳнида ўз мақомини мустаҳкамланаётган тил ҳақидаги танловнинг “Ватанпарвар”дек севимли нашримизда эълон қилингани, унда қатнашганим ва билимим юксак эътироф этилганидан мамнунман. Танлов туфайли жуда кўп адабиётларни мутолаа қилдим. Шу аснода билимларим янада бойиди. Бу мен учун жуда катта муваффақият, – дейди 1-ўрин соҳиби контракт бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Шерзод Ражабов. 

– Касбим шифокор бўлса-да адабиётга меҳрим бўлакча. Адабиётнинг асосини эса сўз, тил ташкил қилади. Кўп китоб ўқиганим танловда асқатди: ғолиб бўлдим, – дейди 2-ўрин соҳибаси Ҳулкар Ниёзова. – Мен ўзимни миллатпарвар деб биламан. Шунинг учун ҳам ўзбек тилига меҳрим баланд, уни ардоқлайман. 

Эзгу анъаналар бардавом бўлади, дейишади. Шу маънода юртдошларимиз қалбида она тилимизга бўлган муҳаббат ва садоқат туйғусини юксалтиришга ҳисса қўшувчи мазкур танлов мамлакатимизда тилимизни янада равнақ топтириш борасидаги амалий ҳаракатлар билан уйғун ва ҳамоҳанглиги билан қимматлидир.

    Бошқа янгиликлар