Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида Равшан Эрматов Саудия Aрабистонининг фавқулодда ва мухтор элчиси билан учрашди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди. Жорий йил 23-октябр куни Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов Саудия Aрабистони подшоҳлигининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Хишам Мешаал Сувайлем ал-Сувайлем бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Сир емас, спорт аввало миллатлар ва элатлар ўртасида маданий хилма-хиллик, давлатлараро ва маданиятлараро мулоқот ривож топиши, миллий меросни сақлаш, ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлаш орқали жамиятни барқарор ривожланишига хизмат қилади. Ўзбекистон ва Саудия Aрабистони ўртасида ўзаро дўстона алоқалар йўлга қўйилган бўлиб, бугунги кунда ушбу ҳамкорлик спорт соҳасида ҳам тобора ривож топмоқда. Бу жиҳатлар Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида ўтказилган йиғилишда ҳам алоҳида эътироф этилди. Учрашувда Р.Эрматов Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги фаолияти ҳақида тўхталар экан, мазкур ташкилот жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат бошқаруви органи ҳисобланиши, қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг иккинчи йўналиши бевосита жисмоний тарбия ва спорт соҳасига қаратилган бўлиб, унда ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратишга йўналтириш белгилангани, ўтган давр мобайнида бу борада муайян ишлар амалга оширилганлигини таъкидладилар. Саудия Aрабистони подшоҳлигининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор елчиси билан учрашувда бир қатор масалалар, жумладан Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан Саудия Aрабистони подшоҳлигининг Спорт бошқармаси ўртасида жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ҳамкорлик қилиш мақсадида ишлаб чиқилган меморандумни саудияликлар томонидан кўриб чиқилишини тезлатиш, икки давлат спортчиларини халқаро мусобақаларга тайёрлаш учун спорт турлари бўйича қўшма ўқув-машғулотлар йиғинларини ташкил етиш комплексини ишлаб чиқиш, Саудия Aрабистони тажрибасини ўрганган ҳолда Ўзбекистонда от спортини ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, Саудия Aрабистонида миллий спорт туримиз бўлган курашни янада ривожлантириш, бунинг учун подшоҳликни малакали тренерлар билан таъминлаш ва қўшма ўқув-йиғин машғулотларини ўтказиш борасида ўзаро фикр алмашилди.
| |
23.10.2020 22:52