АсосийЖАМИЯТ

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясининг биринчи босқич курсантлари «Ватанга қасамёд» қилишди

Барчамизга маълумки, жаҳонда пандемиянинг глобал миқёсда тарқалиши деярли барча мамлакатла...

'Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясининг биринчи босқич курсантлари «Ватанга қасамёд» қилишди'ning rasmi

Барчамизга маълумки, жаҳонда пандемиянинг глобал миқёсда тарқалиши деярли барча мамлакатларга ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Шу жумладан, юртимизга ҳам кириб келган пандемияга қарши кураш бўйича тизимли равишда чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Албатта, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимидаги ҳарбий хизматчилар ҳам мана шундай синовли даврда халқимизнинг хавфсизлигини таъминлаш йўлида ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар. Пандемия туфайли бу йилги олий таълим муассасаларига қабул қилиш имтиҳонлари ҳам сентябрь ойида ўтказилди.

Жумладан, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясига бу йилги кириш имтиҳонлари карантин қоидаларига риоя этган ҳолда шаффофлик ва ошкоралик тамойилларига асосланиб, юқори даражада ўтказилди.

Айни кунларда мамлакатимизда Ўзбек тили байрами кенг нишонланаётган бир вақтда, жорий йилнинг 24 октябрь куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясининг биринчи босқич курсантларининг «Ватанга қасамёд» қабул қилиш тантанали маросимининг ўтказилиши, шубҳасиз, уларнинг ҳаётида унутилмас воқеа бўлиб муҳрланиб қолади.

Тадбирда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарияти, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий оркестри, Академия профессор-ўқитувчилари, ҳарбий хизматчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тантанада Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси бошлиғи генерал-полковник Қобул Бердиев Академиянинг биринчи босқичига қабул қилинган курсантларни «Ватанга қасамёд» қабул қилганликлари муносабати билан табриклаб, ушбу олий даргоҳ Академия мақомига эришгандан сўнг илк маротаба «Ватанга қасамёд» тантанали тадбирининг ўтказилаётганлиги курсантлар учун фахр ва ифтихор туйғуларини уйғотиши билан бир қаторда, улкан масъулият ва танлаган касбига умрбод содиқликни ҳам талаб этишини алоҳида таъкидлади.

Дарҳақиқат, буюк мутафаккир шоир Алишер Навоийнинг 
«Бу дунёда эр йигитнинг энг буюк, эзгу ва муқаддас вазифаси, аввало, ўз оиласи, Ватани ва халқини муносиб ҳимоя қилиш ва севишдан иборатдир» - деган иборалари бугунги куннинг мард ўғлонларига қарата айтилганига яна бир бор амин бўламиз.

Зеро, табиий ва техноген тусдаги офатлар билан курашиб, ўз жонларини хатарда қолдириб, кўплаб инсонларнинг ҳаёти, мол-мулкларини сақлаб қолиш – бу албатта беқиёс инсоний фазилат ва энг шарафли хизматдир. 

Шундан сўнг Академиянинг юқори босқичларида таҳсил олаётган, аъло баҳоларга ўқиётган ва жамоат ишларида ўрнак бўлаётган иқтидорли курсантлар – «Вазир стипендиантлари»га фахрий ёрлиқлар тантанали равишда топширилди. 

— Мен болалигимдан ҳарбий хизматчи бўлишни орзу қилар эдим — дейди Усмон Мамаражабов — Мана бугун мен орзуимга етишиш йўлида ФВВ Академиясига ўқишга кириб, жонажон Ватанимизга, халқимизга муносиб фарзанд бўлиб, фуқароларимизнинг ҳаёти, соғлиги ва хавфсизлигини таъминлаш учун бор куч-ғайратимни аямай хизмат қилишга тантанали Қасамёд қилдим. Бу ҳаётимдаги энг қувончли онлардан бири бўлиб, хотирамда бир умрга муҳрланиб қолади десам муболаға бўлмайди. Академияда чуқур билим олиш билан биргаликда, она-Ватанимиз ва халқимизга сидқидилдан хизмат қилиб, мамлакатимиз равнақини оширишга, муҳтарам Президентимизнинг биз ёшларга билдираётган юксак ишончларини оқлашга мен ва сафдошларим номидан ваъда бераман. 

— Олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга кириш ҳар бир йигит кишининг орзуси бўлса керак деб ўйлайман, — дейди биринчи босқич курсанти Фаёзбек Мамасолиев — Мана бугун Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясининг курсанти бўлишдек бахтга муяссар бўлиш билан бирга барча сафдошларим билан илк маротаба Она Ватанимизга қасамёд қилганлигимиздан фахрланамиз.

Мен сафдошларим билан бирга шуни алоҳида ишонтириб айта оламанки, жонажон Ватанимизга, Президентимизга, халқимизга садоқатли хизмат қилиб, ўз йигитлик бурчимизни мардонавор адо этамиз.

— Фарзандларимиз илк маротаба Она Ватанимизга, Президентимизга, Халқимизга муносиб хизмат қилиш йўлида қасамёд қабул қилишди. Улар орасида менинг набирам ҳам борлигидан фахрланаман — дейди Машҳура Ниёзова. — Бугунги тантанали тадбир кўзлари чақнаб, Ватанга хизмат қилиш йўлида ғайрат ва шижоатлари жўш уриб турган фарзандларимиз хотирасида бир умрга муҳрланиб, ўқиш ва хизмат жараёнида уларга юксак шижоат ва куч бағишлайди. 

Тадбир якунида Академиянинг Маънавият ва маърифат маркази бошлиғи подполковник Савриддин Нажмиев  томонидан ижро этилган жонажон Ватанимизни тараннум этувчи куй-қўшиқлар тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади. 

 

Фарҳоджон ХОЖАЕВ 

Ўзбекистон Республикаси ФВВ 
Академияси ўқитувчиси,капитан.

    Бошқа янгиликлар