1

Марказий банк PayPal’нинг Ўзбекистонда нима сабабдан ишламаслигини тушунтирди

ЖАМИЯТ 28.10.2020, 23:00
Теглар: Марказий банк, PayPal
Марказий банк PayPal’нинг Ўзбекистонда нима сабабдан ишламаслигини тушунтирди

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов 24 октябрь куни IT-паркда журналист ва блогерлар билан ташкил этилган учрашувда Марказий банк ҳозирда PayPal тўлов тизими билан музокараларга киришгани, Ўзбекистонда тизимга рухсат берилиши ва рақобатчи сифатида мамлакатнинг ўз пул ўтказиш тизими жорий қилиниши мумкинлиги ҳақида гапирганди. Ўзбекистон Марказий банки тўлов тизимининг мамлакатда нима сабабдан ишламаслигига тушунтириш берди.

PayPal — бу халқаро тўлов тизими бўлиб, АҚШнинг PayPal Holdings Inc. компанияси томонидан ташкил этилган. Ташкилий-ҳуқуқий шакли жиҳатидан очиқ акциядорлик жамияти (публиc cомпанй) ҳисобланади ва акциялари Nasdaq биржасида савдо қилинади.

Мазкур тўлов тизимида тўловларни амалга ошириш мақсадида банк карталари (Visa, MasterCard, АmЕх ва ҳ.к.) бириктирилади ва улар орқали пул маблағларини электрон ҳамёнларга кирим қилиш ҳамда пулни қайтариб олиш имконияти мавжуд. Тўлов тизими томонидан ундириладиган ҳақ (комиссия) тўловнинг турига қараб 3,4 фоиз+30 сентгача, валюталар конвертациясида эса 3,9 фоизни ташкил этади.

PayPal Ўзбекистон учун нимага керак?

Марказий банк томонидан қайд этилишича, Ўзбекистонда фаолият юритаётган дастурчи-фрилансерлар ўзлари яратган дастур ва рақамли контентни (реклама, ўйин токенлари ва бошқаларни) чет эллик мижозларга сотиш учун турли хил электрон платформалардан фойдаланади. Мазкур платформалар томонидан дастур ёки рақамли контентдан тушган маблағлар йиғилиб, дастурчи-фрилансерларга тўлаб берилади.

Маҳаллий дастурчиларнинг берган маълумотларига кўра, электрон платформаларнинг кўпчилиги, хусусан, энг йирик Google Play Market ёки Apple App Store иловалар дўкони томонидан ўзбекистонлик дастурчиларга тўловлар банк карталари ёки одатий банк пул ўтказмалари орқали ҳеч қандай муаммоларсиз тўлаб берилмоқда.

Бироқ айрим ихтисослашган платформаларда, хусусан, Upwork, Fiverr ёки ўйин токенлари сотиладиган Envato, Storyblocks ва шунга ўхшаш тизимларда тўловлар фақат PayPal тўлов тизими орқали амалга оширилиши мумкин.

Муаммо ўзи нимада?

Марказий банк хабарига кўра, ҳозирги кунда PayPal тўлов тизимида электрон ҳамёнларни Ўзбекистон ҳудудида муомалага чиқарилган банк карталарини бириктирган ҳолда пул маблағлари билан тўлдириш имконияти мавжуд эмас. «Мазкур чекловни ушбу тўлов тизими Ўзбекистонда бирор давлат органи ёки бошқа ташкилот билан келишмаган, муҳокама қилмаган ҳолда мустақил равишда ўрнатган», — дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 14 майдаги «Электрон тижоратни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан PayPal компанияси билан ўтказилган дастлабки музокараларда компания яқин келажакда мазкур тизимни Ўзбекистонда жорий этиш режалаштирилмаганлигини билдирган.

Марказий банк PayPal’га нисбатан чеклов ўрнатганми?

Маълум қилинишича, Марказий банк аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун хорижий тўлов тизимига уланиш, шунингдек, республика банклари томонидан муомалага чиқарилаётган Visa, MasterCard, UnionPay ёки «МИР» карталарини хориждаги электрон ҳамёнларга бириктириш юзасидан ҳеч қандай чеклов ўрнатмаган. «Мисол учун, бугунги кунда фуқароларимизнинг WebMoney, Qiwi ва бошқа шунга ўхшаш хорижий электрон ҳамёнлар тизимларидан фойдаланиши тобора кенг тус олмоқда», — дея таъкидланади Марказий банк хабарида.

PayPal ўрнатган чекловни Марказий банк бекор қила оладими?

Марказий банк томонидан ишлаб чиқилган «Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида»ги қонунда электрон пуллар муомаласига, шунингдек, тўлов тизимлари устидан назорат ва кузатув ваколатига доир нормалар ўрин олган.

Шунга кўра, Марказий банкнинг тўлов тизимлари устидан назорат ва кузатув ваколати республика ҳудудида фаолият юритувчи тўлов тизимлари фаолиятига тегишли бўлиб, бошқа давлатлар, жумладан, АҚШда ташкил этилган ва фаолият юритаётган тўлов тизимларига тааллуқли эмас.

«Марказий банкнинг тўлов тизимлари устидан назорат ва кузатув ваколати доирасида PayPal тўлов тизимидаги Ўзбекистонда муомалага чиқарилган карталарга нисбатан ўрнатилган чекловни маъмурий йўл билан бекор қилиш имконияти мавжуд эмас», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, қачонки PayPal тўлов тизими Ўзбекистонда тегишли бўлинма очиб, миллий валюта — сўмда тўловлар ва амалиётларни амалга оширмоқчи бўлса, у ҳолда амалдаги қонунчиликка кўра, PayPal Марказий банкдан тегишли лицензия олиши ва ўрнатилган тартибда назорат ва кузатув остида бўлиши талаб қилинади.

Дастурчи-фрилансерлар нима қилиши керак?

Марказий банк электрон пуллар тизими реестрига киритилган «Осон», «Click» ва «Payme» тўлов тизимларидаги электрон ҳамёнларга WebMoney ва Qiwi электрон ҳамёнлари орқали электрон пулларни ўтказишни тавсия қилган.

Шунингдек, Марказий банк республикадаги тижорат банклари томонидан Visa, MasterCard, UnionPay халқаро тўлов тизимлари билан ўзаро келишув асосида муомалага чиқарилаётган чет эл валютасидаги банк карталари ёрдамида интернет орқали онлайн тўловларни амалга ошириш имконияти мавжудлигини таъкидлаб ўтган.

«PayPal тўлов тизими томонидан ўрнатилган чеклов бекор қилинмагунига қадар дастурчи-фрилансерлар муқобил электрон ҳамёнлар — WebMoney, Qiwi, «Яндекс.Деньги» хизматларидан фойдаланишлари ёки тўловларни тўғридан-тўғри банк карталари орқали қабул қилишлари мумкин. Банк карталари ёрдамида амалга оширилган тўловлар нарх борасида, яъни электрон тижорат субъектлари тўлайдиган комиссиянинг нисбатан камлиги (0-2,5 фоиз) жиҳатидан ҳам энг мақбул восита бўлиши мумкин», — дейилади Марказий банк хабарида.

Шарҳлар

⚡️1000 сўмлик қоғоз пуллар энди муомаладан чиқариладими? Марказий банк ойдинлик киритди

22.12.2022, 10:40

26 декабрдан Ўзбекистонда 1000 сўмлик танга пуллар муомалага чиқарилмоқда. Танга пуллар муомалага киритилса, ушбу қийматдаги қоғоз пуллар истеъмолдан чиқадими? Марказий банкнинг маълум қилишича, муомалага чиқарилаётган 1000...
Марказий банк асосий ставкани 15 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди

08.09.2022, 11:59

Айни пайтда Марказий банк Бошқарувининг йиғилиши ўтказилмоқда, дея хабар бермоқда МБ матбуот хизмати. Маълум қилинишича, йиғилишда асосий ставкани йиллик 15 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор...
2022 йилнинг 6 ойида аҳоли томонидан 64,3 трлн. сўмлик маблағлар нақдлаштириб олинди — Марказий банк

19.07.2022, 13:34

Марказий банк 2022 йил январь-июнь ойлари учун "Нақд пул муомаласи бўйича қисқача шарҳ" эълон қилди.Маълум қилинишича, 2022 йил январь-июнь ойларида банклар орқали нақд пул айланмаси...
Марказий банк асосий ставкани 1 фоизга туширди

09.06.2022, 13:31

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг оралиқ йиғилиши ўтказилмоқда, дея хабар бермоқда МБ матбуот хизмати. Унда асосий ставкани 1 фоиз бандга пасайтириб, йиллик 16 фоиз...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1