Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан Маданият вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, шунингдек, Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилиб, ҳар йили ўтказиладиган хайрия югуриш мусобақаси Samarkand Half Marathon давом этмоқда.
Ушбу марафонда тўғридан тўғри иштирок этаётган darakchi.uz мухбири Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси, Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдухакимов билан суҳбатда бўлди.
- Марафонда 35 та давлатдан 3 мингга яқин спортчилар онлайн тарзда қатнашмоқда, -- деди Азиз Абдухакимов. -- Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ушбу марофонда иштирок этиш учун имконият яратилди. Бугунги марафон иштирокчиларининг барчаси қалбан Самарқандда эканлигига аминман. Дунёда юзага келган мураккаб эпидемиологик вазият туфайли 2020 йилги Samarkand Half Marathon дастури ушбу тадбирнинг спорт қисмини икки шаклда – Самарқандда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан келган 42 нафар профессионал спортчилар учун 21 км масофага югуриш мусобақаси ва ҳамма учун виртуал югуриш мусобақасини ўтказишни назарда тутади. Самарқанд ярим марафони – нафақат шаҳарнинг ташриф қоғози, балки шаҳар билан танишиш учун энг яхши имкониятдир.
Мухбиримизнинг маълум қилишича, мусобақанинг старти “Регистон” майдонидан бошланиб, спортчилар Самарқанднинг Бибихоним, Афросиёб, Ҳазрати Ҳизр, Хўжа Дониёр мақбараси, Улуғбек ва “Шоҳизинда” расадхоналари каби асосий диққатга сазовор жойлари ёнидан ўтишди.
Шу ўринда эслатиб ўтиш керакки, энг яхши 10 нафар югурувчи (5 қиз ва 5 эркак) қуйидаги пул мукофотларини қўлга киритишади:
1-ўрин – 12 миллион сўм;
2-ўрин – 10 миллион сўм;
3-ўрин – 8 миллион сўм;
4-ўрин – 6 миллион сўм;
5-ўрин – 5 миллион сўм.

Шу билан бирга, бутун дунё бўйлаб иштирокчилар спортчилар билан бирга югуришади. Виртуал пойга формати яриммарафон иштирокчиларига жой ва масофани танлаш эркинлигини беради ва натижалар Strava иловасида қайд этилган маълумотларга мувофиқ қабул қилинади. Яриммарафон дастурига “Скандинавча юриш” бўйича мусобақалар қўшилди ва 12 ёшгача бўлган болалар эса алоҳида болалар югуриш мусобақасида югурадилар.
Югуриш мусобақаси 1-16 ноябргача давом этади. Мусобақа натижаларига кўра, энг яхши югурадиган шаҳар ва энг яхши югурадиган клуб ҳам аниқланади. Иштирокчилари энг кўп километр масофани босиб ўтадиган Ўзбекистоннинг шаҳри “Ўзбекистоннинг югурувчи пойтахти” кубогини қўлга киритади. Энг яхши югурувчи клуб кубок билан тақдирланади.
Samarkand Half Marathon – ноёб хайрия акцияси ҳисобланади.
Бу йил ташкилотчиларнинг мўлжали – атаутизм спектри бузилиши (АСБ)га чалинган одамларнинг имкониятлари ва ногиронлиги бўлганлар учун маданий ва санъат масканларидан фойдаланиш имкониятларига бағишланган. Samarkand Half Marathonдан тушган маблағ аутизмга чалинган болалар учун Ўзбекистондаги мактаб-интернатларнинг бирида болалар ижодиёти студиясини яратиш учун сарфланади.
Шунингдек, Самарқанд ярим марафони доирасида рақамли форматда таълим ва маданий дастурлар ўтказилди. “National Autistic Society” (Буюк Британия) хайрия ташкилотининг вакиллари аутизмга чалинган болаларнинг ота-оналари учун он-лайн маърузалар ўқишди ва Британия музейи мутахассислари уларнинг “Early Morning Explorers” ташаббуси ҳақида батафсил сўзлаб беришди. “Дўстона муҳит” лойиҳаси (Россия) кўмаги билан бир қатор онлайн мунозаралар, веб-семинарлар ва маҳорат дарслари ташкил этилди. “The Beat Film Festival” билан биргаликда Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида намойиш этилган кинофильмлар дастури ишлаб чиқилди.






