Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчилари учун Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмлар негизида бир кунлик ўқув услубий йиғинлари ташкил этилди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 18 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси ёшларини ҳарбий хизматга тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 348-сон қарори ҳамда мудофаа вазирининг буйруқларига мувофиқ ташкил этилган кўламли йиғинлар мамлакатимизда биринчи маротаба ўтказилмоқда.

Юртимизда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда халқимиз тарихига ва маънавий қадриятларига юксак ҳурмат туйғусини шакллантириш, Ватан ҳимоясига, унинг миллий хавфсизлиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини ҳимоя қилишга доимо шай туришга ҳамда ҳарбий хизматни ўташга тайёрлашнинг дастлабки пойдевори, албатта мактаблардан бошланади. Зеро мактабда ўқитилаётган чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик балоғатга етаётган ёшларимизда ватанпарварлик туйғуларини шакллантириб, уларни армияга тайёрлайди.
Дастлабки ҳарбий билим ва кўникламарни бериш, армияга ёшларни тайёрлаш борасида фидойилик кўрсатаётган чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиларидан чуқур билим ва бой ҳаётий тажрибани, миллий армиямизда олиб борилаётган ислоҳотлар ва янгиликлардан бохабар бўлишни, дастлабки ҳарбий кўникмаларга эга бўлишни талаб этади. Аммо, ҳар қандай билим ва кўникма, вақт зайли билан эсдан чиқиши мумкин, албатта. Шуларни инобатга олган ҳолда ҳарбий округ қўмондонлиги томонидан мазкур йиғинлар ташкил этилиб, уларга Қорақалпоғистон ва Хоразмдаги 1100 дан ортиқ ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчилари жалб этилиши режалаштирилган.
Биринчи ўқув йиғинида Нукус шаҳри, Нукус, Тахиятош ва Хўжайли туманларидаги мактаб ўқитувчиларининг 120 нафардан зиёди иштирок этди. Ҳарбий округ қўмондонлиги томонидан йиғин машғулотларида иштирок этаётган ҳар бир ўқитувчи учун ҳарбий дала уст-бош кийими ажратилиб, машғулотларнинг бошидан охиригача ҳарбийча интизом ва ички тартиб меъёрларига амал қилиниши таъминланди.
Машғулотлар икки қисмдан – синфхоналардаги назарий тайёргарлик ва кичик дала ўқув майдонидаги амалий қисмлардан иборат бўлиб, тажрибали офицер ва сержантлар кўмагида давом этди.
Марказий Осиё ва минтақадаги ҳарбий-сиёсий вазият, Умумҳарбий низомлар талаблари, ҳарбийликка оид қонун ва раҳбарий ҳужжатлар, чақирувга қадар бошланғич тайёргарликни ташкил этиш бўйича умумий қоидалар борасида назарий билимларни бойитган иштирокчилар кўникмаларини амалиётда мустаҳкамлади.
Йиғин иштирокчилари ўқотар қуролларни нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш, оммавий қирғин қуролларидан ҳимояланиш воситаларидан фойдаланиш, ҳарбий топография, тактика, саф тайёргарлиги, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш каби машғулотларда иштирок этиб, ўзлари амалда машқ бажарди.

Таъкидлаш жоизки, ҳарбий округ томонидан ўқувчи-ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тизимини янги босқичга кўтариш мақсадида ўтказилаётган бу каби йиғинлар ҳафтанинг ҳар шанба куни ташкил этилиб, энг чекка овул ва қишлоқларнинг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчилари жалб этилиши режалаштирилган. Йиғиннинг кейинги босқичларида иштирокчилар ва мактаб ўқувчилари учун дала-ўқув майдонларида амалий-кўргазмали жанговар машғулотларни намойиш этиш ҳам белгиланган.
Йиғин якунида таълим муассасаларида чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик синфхоналарини ўрнатилган тартибда моддий-техник воситалар билан жиҳозлаш бўйича Нукус шаҳридаги 8-сон умумтаълим мактабида кўргазмали машғулот ўтказилди.
Машғулотлар якунида йиғин давомида шахсий интизоми, билим ва кўникмаси билан ажралган бир гуруҳ мактаб ўқитувчилари ҳарбий округ қўмондонлиги томонидан фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати





