«Ўзбеккўмир» АЖ томонидан Бухоро ва Қашқадарё вилоятларига пресс-тур ташкил этилди. Пресс-тур доирасида икки вилоятда аҳоли ва ишлаб чиқариш тармоқларини кўмир билан таъминлаш масалалари ўрганилди.
Дастлаб журналистлар Бухоро вилояти Жондор туманидаги кўмир тақсимлаш марказига боришди. Бу ерда вилоят аҳолисининг эҳтиёжлари учун зарур бўлган маҳаллий ва хориждан олиб келинган кўмир хомашёси сақланади. Аҳоли вакиллари мазкур омбордан нақд пулга ёки пул ўтказиш йўли билан ҳеч қандай ортиқча ҳужжатларсиз ўзига керакли кўмирни харид қилиб олиб кетмоқда. Ушбу марказда савдо-сотиқни пластик карта орқали расмийлаштирувчи терминаллар, замонавий тарозилар ўрнатилган. 150 нафар ишчи иш ўрни билан таъминланган. Уларга 1,5 млн. сўм ойлик ва бепул овқат берилади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу йил вилоят кўмир билан етарли ва арзон нархда таъминланади. Бунинг учун “Кўмир таъминот” МЧЖ Бухоро вилояти филиали барча имкониятларини ишга солмоқда.
Прогноз кўрсаткичлари бўйича жорий иситиш мавсумида Бухоро вилоятига 40 минг 10 тонна кўмир ва кўмир брикетлари керак бўлади. Шунинг 10 минг 20 тоннаси ижтимоий соҳа объектлари эҳтиёжларини ташкил этади. Бугунги кунда мактабгача таълим ташкилотлари, мактаблар, поликлиникалар ва бошқа муассасалар қаттиқ ёқилғи билан етарлича таъминланган.

“Кўмир таъминот” МЧЖ Бухоро филиали раҳбари Улуғбек КОЗИМОВнинг айтишича, вилоят аҳолисининг кўмирга бўлган эҳтиёжи – 29 минг 990 тонна. Октябрь ойининг сўнгги санаси ҳолатига кўра Бухоро вилоятидаги «Кўмиртаъминот» МЧЖ филиали омборларида 18 минг 302,7 тонна (61 фоиз) кўмир маҳсулотлари мавжуд бўлиб, қиш мавсуми олдидан захирадаги қаттиқ ёқилғини объект ва субъектларга тарқатиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Айни кунларда аҳолига Ангрен қўнғир кўмири ва маҳаллий хом ашёдан олинадиган кўмир брикетлари, шунингдек, импорт қилинадиган кўмир маҳсулоти (4 минг 523 тонна) таклиф этилмоқда.
Ҳозирги кунда аҳоли томонидан 6 минг 134,1 тонна кўмир ва кўмир маҳсулоти сотиб олинган бўлиб, уларнинг 17 фоизи ёки 1 минг 13,4 тоннаси чет элдан келтирилган қаттиқ ёқилғидир. Вилоят кўмир омборларида аҳолига мўлжалланган қаттиқ ёқилғи захираси 12168,7 тоннани ташкил этмоқда. Аҳоли талабини тўлиқ қондириш учун яқин келажакда вилоятга яна бир неча кўмир партиялари етказиб берилиши кўзда тутилган.
Вилоят аҳолисига кўмирни ўз хонадонига етказиб олиши учун ҳам зарур шароитлар яратилган. Истаганлар кўмир омборлари яқинида уларни кутиб турган автотранспорт воситаларидан фойдаланишлари мумкин. Бунда транспорт ҳаражати сотиб олинган кўмир маҳсулоти таннархига қўшилмайди. Яъни уйга 1 тонна кўмир олиб бориш учун етказиб бериш нархи 1 км = 900 сўм ставкаси бўйича ҳисобланади.

Минтақамизнинг чекка ва бориш қийин бўлган ҳудудларида жойлашган қишлоқлар (овуллар) аҳолисига ҳам қўшимча қулайликлар яратиб берилмоқда. Хусусан, Ғиждувон туманидаги Оғитма, Шофиркон туманидаги Чуррук, Пешку туманидаги Жонгелди ва Калота овулларида, Ромитан туманидаги Қизилравот ва Гугуртли қишлоқларида кўмир ярмаркалари ташкил этилмоқда. Ушбу ҳудудлар аҳолиси ўзларига яқин ана шу жойлардан кўмир сотиб олишлари мумкин.
Ҳозирда бир тонна кўмир нархи:
«БР» маркали “Ангрен” кўмири (1 тн) − 300 минг 300 сўм;
Кўмир брикетлари (1 тн) − 412 минг 500 сўм;
Импорт қилинган кўмир (1 тн) − 780 минг сўм қилиб белгиланган.
Манзура БЕКЖОНОВА, Тошкент-Бухоро






