АсосийЖАМИЯТ

Халқаро пресс-клуб раиси Шерзодхон Қудратхўжаев коррупциянинг бошланиш ўчоғини маълум қилди

Аввалроқ Бош прокуратурада Бош прокурор Н.Йўлдошев раислигида идоралараро  йиғилиш бў...

'Халқаро пресс-клуб раиси Шерзодхон Қудратхўжаев коррупциянинг бошланиш ўчоғини маълум қилди'ning rasmi

Аввалроқ Бош прокуратурада Бош прокурор Н.Йўлдошев раислигида идоралараро  йиғилиш бўлиб ўтгани ҳақида хабар қилгандик... 

Йиғилишда бозорлар фаолиятини тўғри ва самарали ташкил қилиш ҳокимликлар зиммасидаги асосий вазифалардан бири экани, айни пайтда, бозорларда таниш-билишчилик,турли суиистеъмолчилик ва талон-торожликлар кузатилаётгани тилга олинганди.

Йиғилиш таҳлилий ва танқидий руҳда ўтгани, унда журналистларнинг ҳам иштирок этгани қувонарли ҳолат эканини эътироф этган, шунингдек, қачонки парламент ва сенатнинг қуйи поғонаси кучли бўлса, депутатлар ижро ҳокимиятни жиловласа, коррупцион ҳолатлар шунча камайишини қайд этиб, йилига тўрт маротаба шу каби чуқур таҳлилий катта тадбир ўтказилиши кераклиги, бунинг учун Халқаро пресс-клуб майдонини бериши таклифи билан чиққан Халқаро пресс-клуб раиси ва Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжаев бозорлардаги коррупция ҳақида ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди:

— Йиғилишда бозорлар ҳақида жуда тўғри фикрлар айтилди. Бир нарсага ҳайрон қоламан: дам олиш кунлари кўп қаватли “Makro” ёки “Korzinka”га ҳарид учун борилади. Ёнидаги беш қаватли автотураргоҳ бепул. Уни қуришга катта миқдорда маблағ сарфланган. Лекин кичкина бозорга кирсангиз, қора буткада икки киши ўтиради. Юзи ҳам кўринмайди, фақат қўли чиқади, пулингизни олади бўлди. Чек бермайди, берган чеки ҳам сохта. Коррупция бозорга киришдан бошланади. Нега “Makro” ёки “Korzinka”да автотураргоҳ бепул, бозорда эса аксинча? Супермаркетдан ҳарид қилишга имконияти йўқлар бозордан савдо қилади, ахир. Афсуски, бозорларда коррупция сақланиб қолди. Вилоятларга чиққанда кичкина бозорга кирсангиз яна ўша қора буткага дуч келасиз. Табиийки, шлагбаум туширилган ҳолатда бўлади, шу боис машинада чиқиб кета олмайсиз. Энг ачинарлиси, бозорлардаги бу каби автотураргоҳларда ҳеч қандай хизмат кўрсатилмайди. Айтмоқчи бўлганим, бозорларга машинада кириб-чиқиш тартибини жойига келтириш керак. Шу боис коррупцияга қарши курашишни бозорлардан бошласак, самараси бўй кўрсатарди. 

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА

    Бошқа янгиликлар