Аввал маълум қилганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси ҳамда Халқ қабулхонаси бошчилигида 20 га яқин вазирлик ва идора раҳбарлари иштирокида Наманган вилояти аҳоли учун сайёр қабуллар ташкил этилди.
Шу аснода Президент администрацияси бошчилигида анъанага кўра, "Даракчи" газетасига йўлланган мурожаатларнинг тақдири ҳам ҳал қилинди. Масалан, Чуст тумани "Гузар" маҳалласида яшовчи фуқаро М.Бойзоқов ва бир гуруҳ фуқаролар томонидан "Даракчи" газетасига мурожаат қилган эди. Мурожаатда йиллар давомида ер майдонларини суғориш учун сув йўқлиги сабаб маҳалла аҳолиси томорқасидан даромад қила олмаётганлигини айтишган.
Ўзбекистон Республикаси президентининг Наманган вилоятидаги Халқ қабулхонаси томонидан ушбу муаммо ўрганиб чиқилди. Муаммони ҳал қилиш учун туман ҳокими айтган 5 та таклифни амалга ошириш учун катта маблағ ва вақт талаб этилиши сабаб давлат дастури орқали бу масала ҳал этилгунича тез кунларда маҳалланинг ер ости суви бор жойларидан 4 та ер ости скважи қазиб бериладиган бўлди.
Эслатиб ўтамиз, 10-13 ноябрь кунлари Самарқанд вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси ҳамда Халқ қабулхонаси бошчилигида 20 га яқин вазирлик ва идора раҳбарлари иштирокида аҳолии учун сайёр қабуллар ташкил этилади.

Агар сизни узоқ йилларда бери ўйлантираётган масалангиз бўлса, сайёр қабуллар давомида бунга ечим топишингиз шубҳасиз. “Даракчи” нашри ҳам мазкур сайёр қабулларда ҳамкор сифатида иштирок этишни мақсад қилган. Газетхонлар томонидан узоқ вақт мобайнида ечимини топмаётган масалаларни ҳал этиш доирасидаги ушбу ҳамкорлик ҳам жамият ривожида, ҳам муаммолар зарпечакдек ёйилиб кетмасдан вақтида ечим топишида самарали бўлади, деган умиддамиз. Шундай экан, ҳудудингизда ёки ҳаётингиз билан узоқ муддат ечимини топмаётган муаммоларингизни +99895-194-64-16 рақами ва шу рақам орқали @darakchipochta телеграм манзилига йўллашингиз мумкин.






