АсосийЖАМИЯТ

Тошкентда вилоятлардан келиб, тиланчилик қилиб юрган оилалар аниқланди

Тошкент шаҳрида вилоятлардан келиб, тиланчилик қилиб юрган шахслар аниқланди ва тартибга ч...

'Тошкентда вилоятлардан келиб, тиланчилик қилиб юрган оилалар аниқланди'ning rasmi

Тошкент шаҳрида вилоятлардан келиб, тиланчилик қилиб юрган шахслар аниқланди ва тартибга чақирилди. ИИВ расмий сайтида берилган маълумотларга кўра, вилоятлардан келган фуқаролар нафақат ўзлари, ҳатто болаларини ҳам тиланчилик қилишга ундашган.

Хусусан, Юнусобод тумани ИИО ФМБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектор тегишли ҳудудни кўздан кечириш вақтида Шаҳристон чорраҳасида икки нафар аёл фарзандлари билан тиланчилик қилиб юрганини кўриб қолган. 

Ходимлар томонидан олиб борилган суҳбат давомида аёллар ўз ҳолатларини тушунтиришди. 28 ёшли Тошкент вилояти Юқори-Чирчиқ туманида яшовчи Д.Н. қариндоши 19 ёшли Ф.М. билан бирга Тошкентга ишга жойлашиш учун келишгани, ярим йил давомида улар Ободонлаштириш бошқармасида ишлашгани, аммо маблағ етишмагани сабабли тиланчилик қилишга мажбур бўлишгани маълум бўлди. 

Аёлларга уйга қайтишда амалий ёрдам кўрсатилди, улар билан ҳаёт тарзлари ҳақида профилактик суҳбат ўтказилди. Шунингдек Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари мазкур фуқаролар яшайдиган ҳудуддаги хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор билан боғланиб, уларни ишга жойлаштиришда ёрдам сўрашди. 

Кейинчалик Шаҳристон чорраҳасида вояга етмаган фарзандлари билан юрган бошқа аёллар ҳам юргани кузатилди. Улар қаторида қашқадарёлик 27 ёшли Ф.О. (беш нафар фарзанди билан), 20 ёшли У.С. ва 22 ёшли Р.Т.лар ҳам бор эди. 

Аёлларнинг сўзларига кўра, улар турмуш ўртоқлари ва болалари билан битта хонадонда ижарага туришар экан. Эрлари ишлаб чиқариш цехларида ишлашини, аммо топаётган даромадлари етмаётганлиги боис тиланчилик қилишини айтишди. 

Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари улар билан тиланчилик учун жавобгарлик кўзда тутилгани ҳақида огоҳлантириш суҳбати ўтказишди.

Яна бир бошқа ҳолатда пойтахтнинг Юнусобод туманида инспекторлар фарзандлари билан тиланчилик қилаётган аёллар аниқланди. Ҳолатни ўрганиш давомида маълум бўлишича, Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида яшовчи 22 ёшли М.М. икки нафар вояга етмаган фарзандлари билан биргаликда, сурхандарёлик 27 ёшли Г.С. тўрт нафар фарзанди билан, 26 ёшли И.Х. икки нафар фарзанди билан Учтепа туманидаги бозорлардан бирининг яқинида яшар эканлар. Аёллар билан профилактик суҳбат ўтказилиб, бундай ҳаёт тарзи улар учун хавфли бўлиши мумкинлиги ҳақида, қонунчиликда мазкур фаолият учун жавобгарлик кўзда тутилгани борасида суҳбат ўтказилди, дейилади хабарда.

    Бошқа янгиликлар