Деҳқонобод туманида 2,5 минг гектар майдонда пистачилик плантацияси яратилиши режалаштирилган. Бу ҳақда ёшлар билан мулоқотда гапирган туман ҳокими Зоир Алиқуловнинг айтишича, плантация ташкил этиш Президент топшириғига кўра амалга оширилмоқда. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
Таъкидланишича, Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига билан туманда ташкил этилаётган пистачилик плантацияси уч босқичда амалга оширилади.
“Дастлабки босқичда ер-майдони мавжуд бўлган саккизта тадбиркорлик субъекти томонидан 380 гектар ерга пистачилик плантацияси ташкил этилади. Лойиҳани амалга ошириш учун тадбиркор ўз маблағидан 2,7 миллиард сўм сарф қилса, банкдан 3,1 миллиард сўмдан кредит олади. Натижада биргина шу лойиҳа орқали 83 та доимий, 139 та мавсумий иш ўрни яратилади”, — дейди туман ҳокими Зоир Алиқулов.

Иккинчи босқичда тумандаги пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитасига тегишли 1120 гектар ер майдонига писта дарахти экилади. Лойиҳа қиймати 16,2 миллиард сўм бўлган иш натижасида яна 217 та доимий, 361 та мавсумий иш ўрни яратилади. Сўнгра ўрмон хўжалигининг 1000 гектар ер майдонида пистачилик плантацияи ташкил этилади.
“Лойиҳаларимиз ишга тушса туман аҳолиси 1 гектар пистазордан 88 миллион, 1 гектар ковракзордан эса 108 миллион сўм даромад ола бошлайди”, — деди туман ҳокими Зоир Алиқулов 267 гектар майдонда ташкил этилган пистачилик плантациясида ишловчи ёшлар билан мулоқотда.
Айни кунда тумандаги 380 гектар ер пистазорга айлантирилган.






