Аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг сайёр қабуллар ўтказиш ҳақидаги топшириғига асосан Олий суд раиси ўринбосари И. Муслимов ва судьялари томонидан кеча, 11 ноябрь куни Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳри ва Пайариқ туманида ўтказилган сайёр қабул ҳақида хабар қилгандик.
Бугун, 12 ноябрь куни Самарқанд вилояти Тайлоқ туманидаги 29-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби биносида ҳам сайёр қабул ўтказилди. Унда жами 115 та фуқаролар қабул қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди катта консультанти Акром АРИПОВ хабар қилди.
Қабул қилинган фуқароларнинг 50 таси жиноят ишлари бўйича, 39 таси фуқаролик ишлари бўйича, 25 таси маъмурий ишлар бўйича, 1 таси иқтисодий ишлар бўйича судларга оид мурожаатни ташкил этади. Шундан 40 та фуқаронинг оғзаки мурожаати, 75 та фуқаронинг ёзма мурожаати қабул қилинди.
Жами 115 та мурожаатдан 40 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 75 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилиб, қаноатлантирилди.

33 та мурожаат бўйича аризалар Олий суд томонидан назорат тартибида ва вилоят судларига таалуқлиги бўйича ҳал қилиш учун қабул қилинди, ушбу мурожаатларнинг барчаси қаноатлантирилиб, тегишли судлов ҳайъатларига кўриб чиқиш учун ўтказилди.
22 та мурожаат қуйидагича ижобий ҳал қилинди:
- Жиноят ишлари бўйича Тайлоқ туман суди томонидан 5 та, Булунғур туман суди томонидан 5 та, Жомбой туман суди томонидан 7 та, Ургут туман суди томонидан 5 та, жами 22 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан олдин озод қилинди;
- 3 нафар фуқаролар ташаккурнома билдирди;
- 1 нафар мурожаат жойида қаноатлантирилиб, суд қарори берилди.
Шунингдек, 17 нафар шахсга нисбатан қўзғатилган маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ишлар сайёр суд мажлисида кўрилди. Уларнинг мурожаати қаноатлантирилиб, МЖтКнинг 271-моддаси 11-бандига асосан маъмурий жавобгарликдан озод қилинди. Бундан ташқари 5 нафар фуқаролар ташаккурнома билдиришди.






