Гап вискоза матоси ҳақида кетяпти. Ўзбекистонда биринчи ва ягона бўлган вискоза матосини ишлаб чиқариш Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида жойлаган “Oqsaroy Vortex” МЧЖда йўлга қўйилган. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 12 ноябрь куни вилоятга қилган ташрифи ҳам айнан шу корхона фаолияти билан танишишдан бошланди.


ВИСКОЗА НИМА ВА МАМЛАКАТИМИЗДА БУНГА ЭҲТИЁЖ БОРМИ?
Даврон ВАҲОБОВ, “Oqsaroy Vortex” МЧЖ таъсисчиси:
— Вискоза – бу дунёнинг саноқли мамлакатларида ўсадиган дарахт хомашёсини қайта ишлаш натижасида олинадиган толадан тайёрланадиган мато бўлиб, у табиий ҳомашёга кимёвий ишлов бериш йўли билан олинади. Уни пахта билан солиштирадиган бўлсак, ҳомашё нархи пахтадан 20 фоизга арзон, матоси эса 30 фоизга қимматлиги билан аҳамиятли. Фақат бу эмас. Мамлакатимизда 2016 йилда 5 та йирик тўқимачилик корхоналари фаолият юриган бўлса, бугунга келиб 50 дан 70 тагача корхоналар фаолият юритаётган бўлиб, уларнинг барчаси пахта толасидан маҳсулот ишлаб чиқариб, экспорт қилишга ихтисослашган. Бундан келиб чиқадики, барча тўқимачилик корхоналарининг фаолияти мавсумий. Яъни октябь-ноябрь ойларидан бошлаб, асосан баҳор-ёз мавсуми учун кийим-кечаклар тикишга буюртмалар оладиган бўлса, июнь-октябрь ойларида эса тўқимачилик корхоналарида буюрмалар йўқ. Пахта матосидан енгил кийимлар тикиладиган бўлса, устки куз-қиш мавсуми учун ҳам кийим-кечаклар тикишни йўлга қўйишимиз керак. Бунда вискозанинг ўрни катта. Айнан мана шу матони ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали узлуксиз фаолиятимизни йўлга қўйишимиз мумкин бўлади. Президентимизга бу маҳсулотнинг ёққан жиҳати ҳам тўқимачилик корхоналарида доимий хомашё базасининг бўлиши бўлди. Шу асосда Қашқадарё вилоятида яна 8 та йирик тўқимачилик кластерларини ташкил қилиш бўйича кўрсатма бердилар.
ТАХТАДАН МАТОГАЧА: БУ ҚАНДАЙ КЕТМА-КЕТЛИКДА АМАЛГА ОШАДИ?
— Нефт хомашёсидан олинадиган полиэстер ва тахтадан олинадиган вискозани қайта ишлаш орқали целлюлёза, ундан тола, кейин калава ва калавадан мато тўқилади.






ИШ ЎРИНЛАРИ ВА ЭКСПОРТ
Oqsaroy Group компанияси таркибига кирувчи Shahrisabz Textile ва Oqsaroy Textile корхоналари ташкил этилган бўлиб, уларда умумий қиймати 54 миллион доллар бўлган 3 та лойиҳани босқичма-босқич амалга ошириш, 1 минг 610 та иш ўрни яратиш, йилига 22 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш белгиланган эди:
- Биринчи босқичда 2016 йили Oqsaroy Textile корхонасида қиймати 21 миллион доллар бўлган лойиҳа ишга туширилганди. Унинг доирасида йилига 9 минг тонна калава ип, 4 минг тонна трикотаж мато ишлаб чиқарилмоқда. Корхона 2019 йилда 6 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 8 миллион долларни ташкил этди.
- Иккинчи босқичда Shahrisabz Textile корхонасида калава ип, сунъий толадан калава ип ва трикотаж мато ишлаб чиқариш лойиҳаси жорий йилнинг октябрь ойида ишга туширилди. Лойиҳа қиймати – 15 миллион доллар, йилига 3 минг тонна калава ип, 5,5 минг тонна сунъий толали ип, 3,5 минг тонна трикотаж мато ишлаб чиқариш қувватига эга. Экспорт ҳажми йилига 7 миллион долларни ташкил этади.
- Учинчи босқичда Shahrisabz Textile корхонасида калава ип ва трикотаж мато ишлаб чиқаришни кенгайтириш режалаштирилган. Қиймати 18 миллион доллар бўлган ушбу лойиҳа натижасида йилига 7 минг тонна калава ип, 2,1 минг тонна трикотаж мато ишлаб чиқарилади. Келаси йил ишга тушадиган лойиҳа натижасида 700 та янги иш ўрни яратилади.
Сардорбек Раҳмонқулов тайёрлади






