Мутасадди вазирликлар, давлат идоралари ва ташкилотлари вакиллари ва депутатлардан иборат ишчи гуруҳ томонидан “Сардоба” сув омбори тошқинида юзага келган техноген ҳодиса оқибатида талофат кўрган хонадонларга эгаларига турар-жой ажратиш бўйича фаолият олиб борилмоқда.
Янги қурилган уйларни ҳодисада жабр кўрган фуқароларга топшириш қуръа ташлаш йўли билан, адолатли тарзда ҳал қилинмоқда. Шу тариқа навбати билан барча уйларидан ажралган оилаларни Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларида янгидан қурилган кўп қаватли уйларга жойлаштириш ишлари амалга ошириляпти.
Шу кунга қадар мазкур ишчи гуруҳи аъзолари иштирокида Мирзаобод туманидаги “Янги Ўзбекистон” ва “Нурли келажак” массивларидаги кўп қаватли янги турар жойларнинг 321 таси ўз эгаларига топширилди.


Ишчи гуруҳлари томонидан муаммоли хонадонлар қайта ўрганиб чиқилиб, юзага келган масала жойида ечимини топаётир.

Куни кеча Мирзаобод тумани “Мирзачўл” маҳалласида уй-жойларни тақсимлаш бўйича юзага келган 20 та хонадоннинг муаммолари ўрганилди. Шулардан 7 хонадон бўйича юзага келган масала халқ депутатлари Мирзаобод туман кенгаши сессиясида қайта ўрганиб чиқиш учун тавсия қилинди.






