АсосийЖАМИЯТ

E-auksion.uz савдосини ҳам пора билан ҳал қилиш мумкинми?

Ёхуд Кадастр агентлигининг “тозалаш”лари фош этган ҳақиқат ва наманганлик уддабурон кадаст...

'E-auksion.uz савдосини ҳам пора билан ҳал қилиш мумкинми?'ning rasmi

Ёхуд Кадастр агентлигининг “тозалаш”лари фош этган ҳақиқат ва наманганлик уддабурон кадастр муҳандисининг қилмиши нимадан далолат?

Мазкур саволга жавоб олиш мақсадида Кадастр палатаси раиси Мохирхўжа ВАЛИЕВдан соҳага оид энг долзарб масалаларга изоҳ олдик...

“ТОЗАЛАШ”ДА ФОШ ЭТИЛГАН МАСЪУЛЛАР ҚАНДАЙ КАМЧИЛИКЛАРГА ЙЎЛ ҚЎЙГАН?

Қўмита тизимида бир қатор тозалаш ишлари бошланганди. Шу вақтга қадар жами неча нафар масъул мансабдорлар вазифасидан озод этилди ва улар йўл қўйган камчиликлар асосан нимадан иборат бўлган?

— Бунга бир эмас, бир нечта сабабларни келтиришимиз мумкин. Энг асосийларидан бири, жорий йилнинг 3 июлида қўмита раисининг @ygkuzbot телеграм бот канали ишга туширилган. Бундан асосий мақсад фуқаро ҳамда тадбиркорлар билан тўғридан-тўғри алоқани йўлга қўйиш ва қўмитага хусусан раҳбариятгача етиб келмай ҳудудларда қолиб кетаётган муаммоларни ўрганиш ва унга ечим топиш. Мана шу бот орқали бир ойнинг ўзида 300 дан ортиқ мурожаат, шикоят ва аризалар келиб тушди. Қўмита раисининг электрон манзили 01@ygk.uz гакелиб тушган мурожаатлар, 1097 ишонч рақами ҳамда ҳар ҳафта қўмита бошқарма ва бўлим бошлиқлари иштирокида видеовебинар ўтказилди. Шу манбалар орқали қўмитага келиб тушаётган шикоят ва аризаларни ўрганиш жараёнида ўз исботини топган шикоятлар асосида айрим ходимларга интизомий жазо қўлланган бўлса, қўпол камчиликларга йўл қўйган, лавозимини суиистеъмол ва тамагирлик қилган, ўз ишига совуққонлик билан ёндашган ходимлар билан меҳнат шартномалари бекор қилинди.

— Бирор мулкни сотиб олишда ҳалигача одамлар орасида “фирибгарга учрамасмиканман?” деган ҳадик ва бунга етарлича асос ҳам бор. Масалан, бугунги кунда e-auksion.uz савдо майдончаси орқали олди-сотдини амалга ошириш йўлга қўйилган. Аммо бунинг ҳам адолатли ишлашига ишониш бироз қийин. Негаки, ижтимоий тармоқларда тарқатилган маълумотга кўра, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Сайҳунобод туман бўлими ва ДХХ ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда туман кадастр филиали муҳандиси туманда шахсий уй-жой қуриш учун 3 сотих ер майдонини аукцион орқали олиб бериши эвазига фуқародан 1000 АҚШ доллари талаб қилган ва қўлга тушган. Бундан кўринадики, аслида коррупция ва инсон омили аралашувига барҳам бериши керак бўлган тизимга ҳам ишонишга ҳали эрта. Е-auksion.uz дан ҳам олди-сотдини коррупцион ҳаракатлар билан ҳал қилиш мумкинми? Боз устига кадастр ходимларининг аралашуви билан?

— Бугунги кунда тизим фаолияти иштироки бўлган соҳаларга иккиланишсиз, шахсий муомала қилмай хизматлардан фойдала ниш мумкин. Эслатиб ўтиш жоиз, ҳар бир хизматдан фойдаланувчи шахснинг ҳуқуқий саводхонлиги унинг сиз келтириб ўтган иллатларнинг келиб чиқишини олдини оли ши, ҳар қайси соҳадан қатъий талаб билан ижрони талаб қилиши эса маҳсулдорликни оширишига асос бўлади. Бугунги кунда Қўмита тизимида 10 мингга яқин ходим фаолият юритади. Коррупция, тамагирлик ҳолатларига қатъий курашиш ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур ҳодисанинг келиб чиқиш сабаблари бўйича ўрганиш ишлари олиб борилиб, ҳолат юзасидан тегишли чора кўриш белгиланган.

Саволда қўйилган масаланинг ҳуқуқий ечимига келсак, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 январдаги 63-сонли қарори билан тасдиқланган “Якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари бериш ва ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини реализация қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан:

  • якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкаларини аукционсиз бериш тартиби;
  • якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкаси мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини аукцион орқали реализация қилиш тартиби белгиланган.

Якка тартибда уй-жой қуриш учун 0,04 гектаргача ва ушбу ҳажм доирасидаги ер участкалари аукционсиз ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар оилаларига ҳамда давлат ва хусусий уй-жой фондидаги ўзлари эгаллаб турган уй-жойни туман (шаҳар) ҳокимликларига ўтказаётган фуқаролар ва мулкдорларга берилади. Якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкасини олишга ариза туман (шаҳар) ҳокимлигига берилади. Ариза туман (шаҳар) ҳокими бошчилигидаги доимий амал қилувчи ер участкаларини бериш масалаларини кўриб чиқиш комиссияси томонидан кўриб чиқилади. Комиссия таркибига ўндан ортиқ турли давлат ташкилотлари ўз ваколатлари доирасида хулоса беради ва бу хулосалар қарор қабул қилиш учун асос ҳисобланади. Агар ушбу комиссия аъзоларидан биттаси салбий хулоса берса, ушбу хулоса қарорни рад этишга асос бўлади.

Кадастр хизматларидан фойдаланишда муаммо ёки коррупцион ҳолатларга дуч келсангиз, 1097 ишонч рақами, @ygkuzbot телеграм бот ва 01@ygk.uz электрон почта манзилларига мурожаат қилишингиз мумкин. Коррупция деган нопок иллатга қарши бирга курашамиз.

                                                                                                                               Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади

    Бошқа янгиликлар