Ижтимоий тармоқларда олий ўқув юртларида таълим олиш учун контракт тўловига йўналтирилган даромадларга жорий этилган солиқ имтиёзлари борасида тушунмовчиликлар юзага келаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу ҳолат юзасидан Давлат солиқ қўмитаси ўз муносабатини билдиради. Солиқ кодексининг 378-моддаси 16-бандида жисмоний шахсларнинг иш ҳақи ва бошқа даромадларидан ўзининг, 26 ёшга тўлмаган фарзанди ёки эри (хотини)нинг таълим олиши учун йўналтирилган қисми даромад солиғидан озод этилиши белгиланган. Солиқ имтиёзлари Ўзбекистон Республикасининг олий ўқув юртларида таълим олиш учун йўналтирилган маблағларнинг, шу жумладан, таълим кредити ва у бўйича ҳисобланган фоизларни қайтариш учун йўналтирилган маблағларнинг қуйидаги қисмлари бўйича қўлланилади: солиқ тўловчининг ёшидан қатъи назар ўзининг таълим олиши учун йўналтирилган маблағлар; солиқ тўловчининг йигирма олти ёшга тўлмаган фарзандининг таълим олиши учун йўналтирилган маблағлар; солиқ тўловчининг йигирма олти ёшга тўлмаган турмуш ўртоғининг таълим олиши учун йўналтирилган маблағлар. |
16.11.2020 19:17