АсосийЖАМИЯТ

Бугун Ўзбекистон баёроғи қабул қилинган кун. Турли ҳудудларда байрам фестиваллари бўлиб ўтади

1991 йил 18 ноябрь – Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи қабул қилинган кун.“Ўзбеки...

1991 йил 18 ноябрь – Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи қабул қилинган кун.

“Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисида”ги қонун 1991 йил 18 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари Ўтказилган VII сессиясида қабул қилинган.

Давлат байроғи ва унинг рамзи бугунги Ўзбекистон сарҳадида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқлигини англатади ҳамда республиканинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштиради.

Байроқдаги мовий ранг тириклик мазмуни акс этган мангу осмон ва обиҳаёт рамзи. Тимсоллар тилида бу – яхшиликни, донишмандликни, ҳалолликни, шон-шуҳрат ва садоқатни билдиради. Бинобарин, Амир Темур давлати байроғининг ранги ҳам мовий рангда эди. 
Байроқдаги оқ ранг – муқаддас тинчлик рамзи бўлиб, у кун чароғонлиги ва коинот ёритқичлари билан уйғунлашиб кетади. Оқ ранг – поклик, беғуборлик, софликни, орзу ва ҳаёллар тозалиги, ички гўзалликка интилишнинг тимсоли. 

Яшил ранг – табиатнинг янгиланиш рамзи. У кўпгина халқларда навқиронлик, умид ва шодумонлик тимсоли ҳисобланади. 
Қизил чизиқлар – вужудимизда жўшиб оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларини англатади. 

Навқирон ярим ой тасвири бизнинг тарихий анъаналаримиз билан боғлиқ. Айни пайтда у қўлга киритилган мустақиллигимиз рамзи ҳам. 
Юлдузлар барча учун руҳоний, илоҳий тимсол саналган. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғидаги 12 юлдуз тасвири ҳам тарихий анъаналаримиз, қадимги йилномамизга бевосита алоқадор. Бизнинг Ўн икки юлдузга бўлган эътиборимиз Ўзбекистон сарҳадидаги қадимги давлатлар илмий тафаккурида нужум илми тараққий этганлиги билан ҳам изоҳланади.

Давлат байроғимиздаги 12 юлдуз тасвирини ўзбек халқи маданиятининг қадимийлиги, унинг комилликка, ўз тупроғида саодатга интилиши рамзи сифатида тушуниш лозим.

Бугун ҳудудларда байрам фестиваллари бўлиб ўтади

Бугун, соат 10:00 да Тошкентдаги «Ашхобод» боғи олдидаги улкан байроқ ёнида Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардияга қарашли ҳарбий техникалар, отлиқ бўлинмалар мотоциклларда ҳарбий хизматчилар ҳамда фаол ёшлар иштирокидаги тантанали парад билан бошланади.

Фестиваль иштирокчилари Амир Темур хиёбони бўйлаб ҳаракатланиб, Халқлар дўстлиги санъат саройи ёнида жам бўлади. Соат 11:00 да Халқлар дўстлиги санъат саройи олдида ҳарбий техникалар ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар чиқишлари, санъаткорларнинг концерт дастурлари бўлиб ўтади.

Қашқадарёда 

Вилоят марказида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганлигининг 29 йиллиги муносабати билан ватанпарварлик руҳидаги маданий-кўнгилочар тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган.

Шу мақсадда ушбу тадбирлар вақтида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида И.Каримов кўчасининг "Ватанпарварлар боғи"дан Қарши маданият ва аҳоли дам олиш маскани(Атлас)гача бўлган қисми соат 09:00дан 10:00га қадар ёпилади.

Шунингдек, бугун байрам тадбирлари Республиканинг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам ташкил этилмоқда. 

    Бошқа янгиликлар