Давлат рамзлари ҳамиша муқаддас ва улуғ саналади. Чунки у халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини ўзида мужассам этган Ватаннинг ёрқин тимсолидир.
Давлат байроғи Ўзбекистон давлат суверенитетининг рамзидир.18 ноябрь – “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган кун.
Мамлакатимизда ҳар йили давлатимиз байроғи қабул қилинган санага алоҳида этибор қаратилган бўлиб, жойларда кенг нишонланиб келинмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 17 ноябрь куни барча карантин қоидаларига риоя этган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясининг “Маънавият ва маърифат”марказида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 29 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси Расулбек Кушербаев, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси Козимжон Тожиев, Ўзбекистон Республикаси Адолат-социал демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Умиджон Сулаймонов, Ўзбекистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоир Сирожиддин Рауф, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги муассислигидаги «Муҳофаза +» журнали ва «Вазият» газетасининг Бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Азамат Суюнов, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сергели тумани Кенгаши раиси Азизбек Қаюмов, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Матбуот хизмати ходимлари, Академия профессор-ўқитувчилари ва курсантлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Академия бошлиғи генерал-полковник Қобул Бердиев, ўз нутқида, Давлат байроғи Ўзбекистон давлат суверенитетининг рамзи ва халқаро муносабатларда мамлакатимиз тимсолидир. 1992 йилнинг 2 мартидан Ўзбекистон тўлақонли суверен республика сифатида тан олинганининг рамзи сифатида Бирлашган миллатлар ташкилотининг бош қароргоҳи олдида ҳам ҳилпирай бошлади. Мана, йигирма тўққиз йилдирки, у халқаро майдонда мамлакатимизнинг куч-қудрати, мустақиллигимизнинг жаҳонаро ифодаси, халқимиз ғурури ва ифтихори тимсоли эканлигини алоҳида эътироф этди.
Кенг - мулоҳазаларга бой бўлган тадбирда сўзга чиққанлар эса озод ва обод Ватанимиз — Ўзбекистоннинг байроғи ҳам бизни улуғ мақсадлар томон бошловчи буюк машъала эканлигини ҳамда Давлат рамзлари ҳар бир халқнинг мустақиллиги, озодлиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсоли бўлиш билан бирга миллат байроғи сифатида юксак эъзозланиши хусусида фикр билдирдилар. Шунингдек, таклиф этилган меҳмонлар томонидан, иштирокчиларни қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар берилди.

Қолаверса тадбир иштирокчиларига “Байроғимиз-фахримиз” мавзусидаги бир қатор шеърлар ҳамда Давлатимиз байроғи қабул қилинганининг 29 йиллигига бағишланган видеолавҳалар намойиш этилди.
Тадбир сўнгида ташкил этилган бадиий-илмий ва қонунчилигимизга оид китоблар ярмаркаси ҳамда Академиянинг «Маънавият ва маърифат маркази» бошлиғи подполковник Савриддин Нажмиев ижросидаги жонажон Ватанимизни ва байроғимизни тараннум этувчи куй қўшиқлар иштрокчиларда катта таассуротлар қолдирди.
— Ватан ҳимоясидек муқаддас бурчни мардона ўташ учун байроғимизни ўпиб қасамёд қилаётган ҳарбийларимизнинг қалбидаги оловни, юзларидаги қувончни кўриб, фахрланамиз. Ана шундай лаҳзаларда ҳеч муболағасиз Ватанимиз байроғини кўзимизга тўтиё қилгимиз келади. Бу фахрланиш аслида юртга бўлган чексиз меҳр ва садоқатнинг ёрқин кўринишидир дейди — полковник Абдуазим Ахмадходжаев — Токи байроқ бор экан, миллат бор, давлат бор, Ватан бор. Ўзбекистон фарзандлари қаерда бўлмасин, қандай натижаларга эришмасин Ватан байроғини ардоқлайди. Ҳар бир инсон онгу шуурига Ватанимиз рамзларига нисбатан чуқур ҳурмат туйғуларини сингдириш, умуммиллий ва эҳтиром тимсоллари бўлган байроқ, герб ва мадҳиямизни улуғлаш ва ардоқлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.
— Миллатимиз тимсоли бўлган давлат байроғи қабул қилинганининг 29-йиллигига бағишланган бугунги тадбир биз ёшларни қалбимизда ғурур ва ифтихор ҳиссини янада тўлқинлантириб юборди дейди — Академия 3-босқич курсанти Шахриддин Фахриддинов — биз ёшлар ҳам буюк аждодларимизнинг давомчилари сифатида давлатимиз раҳбари яратиб берган шарт-шароитлардан оқилона фойдаланиб, турли соҳаларда юксак чўққиларни забт этиб, давлатимиз байроғини юксакларга кўтармоғимиз жоиз деб биламан.
Фарҳоджон ХОЖАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги
Академияси ўқитувчиси,капитан
Расулбек МАМАЖОНОВ,
4-босқич курсанти.






