Яна бир гуманитар юк ортилган поезд Ўзбекистондан Қирғизистонга юборилди, дея хабар бермоқда "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ Ахборот хизмати.
Кеча, 18 ноябрь куни 200 ўринга мўлжалланган ихтисослаштирилган шифохона контейнерлари қўшни давлат «Қизил-Қия» темир йўл станциясига етиб келди. Улар юқумли касалликлар шифохонаси қурилишига йўналтирилган. Яқин келажакда қардош давлатга яна бир хил модулли иншоотларни юбориш режалаштирилган.

Маълумот учун, ушбу акция Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан биродар Қирғиз халқини қўллаб-қувватлаш тадбири доирасида ташкил этилди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 18 ноябрь куни 3 минг тонна буғдой ортилган Ўзбекистон инсонпарварлик ёрдами ҳам Қирғизистонга етиб борган эди.





