АсосийЖАМИЯТ

Кўтариладиган доллар, имтиёзга масъулиятсиз “UzAutoMotors”, қисқарадиган ходимлар штатлари ва...

Ўзбекистон Республикасининг “2021 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисид...

'Кўтариладиган доллар, имтиёзга масъулиятсиз “UzAutoMotors”, қисқарадиган ходимлар штатлари ва...'ning rasmi

Ўзбекистон Республикасининг “2021 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси ва 2021 йил учун Бюджетнома бўйича Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг хулосаси тайёрланди. Унда келтирилган прогнозлардан барча учун қизиқ бўлган айрим кўрсаткичлар ҳақида маълумот беришни жоиз топдик.

ДОЛЛАР КУРСИ 11 000 СЎМГА КЎТАРИЛИШИ МУМКИН

2021 йил учун давлат бюджети даромадларини прогнози сезиларли таъсир кўрсатувчи нарх ва валюта курсларнинг ўртача миқдорлари асосида ҳисоб-китоб қилинган. Жумладан, прогнозларда валюта курси (1 АҚШ долларининг ўртача йиллик суммаси — 11 000 сўм), стратегик маҳсулотларнинг нархлари (1 унция олтин нархи — 1 750 АҚШ доллари, кумушнинг нархи — 15 АҚШ доллар, миснинг 1 тоннасига 6 000 АҚШ доллари, табиий газнинг нархи — 75 АҚШ доллар) ўзгариши инобатга олинган.

“UZAUTO MOTORS” АЖ ТОМОНИДАН БЮДЖЕТГА 582,6 МЛРД. СЎМ ЙИҒИМ ТЎЛАНМАГАН

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 460-моддасида автотранспорт воситаларини сотиб олганлик ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинчалик олиб кирганлик учун йиғим мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилган автотранспорт воситалари сотиб олинганда, йиғим қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда 2019 йил 1 октябрдан бошлаб автотранспорт воситаларини ишлаб чиқарувчилар томонидан тўланиши белгиланган. Бироқ “Ўзавтосаноат” АЖ тизимидаги автотранспорт воситалари ишлаб чиқарувчилари томонидан 2020 йил давомида йиғим тўланмасдан келинмоқда. Масалан, “UzAuto Motors” АЖ томонидан 2020 йилнинг январь-сентябрь ойларида 582,6 млрд. сўм йиғим тўланмаган. Шу сабабли Ҳисоб палатаси “Ўзавтосаноат” АЖ тизимидаги автотранспорт воситалари ишлаб чиқарувчиларни йиғим тўлашдан озод этишни белгиловчи имтиёзни қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқлигини таъкидламоқда.

Маълумот ўрнида

Давлат бюджетининг умумий даромадлари:

2020 йилда 129 575 млрд. сўмни (ЯИМга нисбатан 22%);

2021 йилда 147 002 млрд. сўмни (ЯИМга нисбатан 21,3%);

2022 йилда 173 550 млрд. сўмни (20,4%);

2023 йилга мўлжал 200 708 млрд. сўмни (20,2%) ташкил этиши кутилмоқда.

БАЪЗИ ХОДИМЛАР ШТАТ БИРЛИГИ ҚИСҚАРТИРИЛАДИ

2021 йил 1 январдан бошлаб давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг штат бирликларини 10 фоизга қисқартириш кўзда тутилмоқда. Натижада 550 млрд. сўм бюджет маблағлари тежалиши кутилмоқда.

СОЛИҚДА НИМА ГАПЛАР?

2021 йил учун қўшилган қиймат солиғи бўйича амалдаги солиқ ставкаси 15 фоиз миқдорида, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкаси 12 фоиз миқдорида ва фуқароларнинг ШЖБПҲга йўналтириладиган ажратмалар миқдори 0,1 фоиз миқдорида (12 фоизли даромад солиғи таркибига киритилган) ҳамда ўзини-ўзи банд қилган шахслар даромад солиғини тўлашдан озод қилиниши сақлаб қолинмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2020 йил 16 сентябрь куни ўтказилган йиғилишнинг 84-сонли баённи 12-бандида 2021 йил давлат бюджет параметрларини белгилашда сувдан фойдаланганлик учун солиқ ставкасини 2021 йилда 50 фоизга пасайтирилган ҳолда белгилашни назарда тутиш қайд этилган.

ТАКЛИФ ВА МУЛОҲАЗАЛАР

Бюджетнома лойиҳаси билан тақдим этилган 2021-2023 йилларга мўлжалланган фискал сиёсатда маҳаллий бюджетлар даромадларининг етарлилигини ошириш мақсадида:

  • автотранспорт воситалари эгаларидан двигателнинг қувватидан келиб чиқиб (махсус автотранспортлардан ташқари) қатъий белгиланган суммада ундириладиган мажбурий йиғимни жорий этиш;
  • бензин, дизель ёқилғиси, сиқилган ва суюлтирилган газ қуйиш шохобчалари орқали сотилган ҳар бир литр ёки куб. метр ёқилғи учун 25 сўмдан йиғим жорий этиш, бунда халқ депутатлари туман ва шаҳарлар Кенгашларига йиғимни ошириш ҳуқуқини бериш (лекин 2 баравардан кўп бўлмаган миқдорда);
  • шунингдек, пандемия даврида аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш, мамлакат аҳолиси даромадларининг кескин пасайиб кетганлиги ҳамда коронавирус пандемиясининг давом этаётганлигини инобатга олиб, минтақавий йўлларни ривожлантиришга махсус йиғим ҳамда автотранспорт воситасига эгалик қилиш учун йиллик йиғимни жорий этиш мақсадга мувофиқ ҳисобланмайди.

 

 

Сардорбек Раҳмонқулов тайёрлади

    Бошқа янгиликлар