Жорий йилнинг 7 ноябрь куни ижтимоий тармоқда “Кўринмас йўл белгиларига жавобгарлик йўқ!!!” сарлавҳаси остидаги видео лавҳа тарқалди.
Видео лавҳа ўрганилганда, ҳайдовчи Юнусобод туманида жойлашган “MEGA PLANET” супермаркетининг орқа томонидан ҳаракатланиб чиқиб, бир томонлама йўл ташкил этилган “Янги шаҳар” кўчасида чап томонга бурилиб, қарама-қарши бўлакка чиқиб кетиб ЙПХ ходими томонидан тўхтатилган.
ЙПХ ходими ушбу йўл бир томолама ҳаракатланиш учун мўлжалланганлигини айтган вақтида, ҳайдовчи ҳаракатланиб чиққан кўчада чапга бурилишни тақиқловчи ёки ўнгга бурилишни буюрувчи йўл белгиси йўқлигини айтган. ЙПХ ходими йўлда таъмирлаш ва созлаш ишлари олиб борилаётганлигини, йўл белгилари ҳам ўрнатилишини айтиб огоҳлантирган ва ҳайдовчига оқ йўл тилаган.
Ҳолат юзасидан зудлик билан масъулларга кўрсатмалар берилиб, Юнусобод туманидаги Янги шаҳар кўчаси бўйлаб Аҳмад Дониш кўчасидан Амир Темур кўчасигача бўлган оралиқда зарур йўл белгилари ўрнатилди, дейилади ИИВ ЙҲХББ томонидан берилган расмий маълумотда.






Йўл ҳаракати қатнашчиларига қулайлик яратиш, тирбандликни олдини олиш, ҳамда йўлни ўтказувчанлигини кўпайтириш мақсадида ушбу йўлда таъмирлаш ва созлаш ишлари босқичма-босқич давом этмоқда.
Расмийлар жамоатчилик назоратини ривожланишига ўз ҳиссасини қўшаётган фуқароларга миннатдорчилик билдиради.






