Хабарингиз бор, Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 12-13 ноябрь кунлари Қашқадарё вилоятига қилинган ташриф якунларига кўра, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун бюджетдан пул маблағлари ажратилиши белгиланди.

Бюджет маблағларининг қонуний, мақсадли ва тўғри сарфланиши ҳамда бу борада шаффофликни таъминлаш эса бу борада кўзланган натижаларга эришишнинг муҳим омили саналади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов ва Ҳисоб палатаси раисининг ўринбосари Саидлазиз Саидкаримов иштирокида Давлат бюджети маблағлари маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқарув идоралари томонидан ноқонуний сарфланишининг олдини олиш бўйича вилоятдаги ўрганишлар юзасидан Қашқадарё вилояти ҳокимлигида ўтказилган йиғилиш ҳам шу масалаларга бағишланди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт Шамсутдинов хабар қилди.

Очиқ ва танқидий руҳда ўтган йиғилишда вилоят прокурори Эркабай Таджиев кун тартибидаги масала юзасидан мурожаатнома йўллади. Шунингдек, Э.Таджиев эзгу мақсадларга йўналтирилаётган ушбу пул маблағларининг мақсадли ишлатилиши учун ҳар бир масъул шахс ҳам халқимиз, ҳам виждони олдида жавобгар эканини, вилоят прокуратураси органлари томонидан бюджет маблағларининг талон-торож этилишини ва бу борада коррупцион ҳолатларни олдини-олиш мақсадида вилоят прокуратурасида “Вазиятни тизимли мониторинг қилиш” гуруҳи ташкил этилиб, мониторинг гуруҳи томонидан бюджет муассасалари раҳбарлари қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйган тақдирда жиноий жавобгарликкача чоралар кўрилиши ҳақида расман огоҳлантирилганини маълум қилди.

Яна таъкидландики, мониторинг гуруҳи томонидан келгусида:
- Бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишига масъул ва жавобгар идоралар фаолиятидаги қонунийлик аҳволини кунлик таҳлил қилинади;
- Идора ва ташкилотларда коррупцияга қарши ички назорат тизими фаоллаштирилади;
- Статистик маълумотлар ва таҳлилий ахборотлар ўрганилиб, бу борадаги фаолият мувофиқлаштирилади;
- Коррупция ва бюджет маблағларининг талон-торож этилишига доир мурожаатларни қабул қилиш учун махсус “телеграмм бот” ташкил қилинади;
- Прокуратура органларининг коррупцияга қарши курашда амалга ошираётган ишлари, аниқланаётган қонунбузарликлар ҳақидаги маълумотлар очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида оммавий ахборот воситалари ва интернет-сайтлар орқали ёритиб борилади.
Дарҳақиқат, қонун бузилишининг ўзи билан эмас, балки сабаблари ва юзага келишига имкон бераётган шарт-шароитларга қарши курашиш унинг олдини олишдаги энг тўғри чорадир. Юқоридаги амалий тадбирлар эса ҳуқуқбузарликларнинг, айниқса, бюджет маблағлари сарфланишидаги коррупцион ҳолатларнинг олдини олишда ижобий самарадорликка эришишга хизмат қилади.






