Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида хонадонларнинг бирида истиқомат қилувчи 69 ёшли онахон 24 ноябрь куни эрталаб ҳовлисидаги 28 метр чуқурликдаги сув қудуғига эҳтиётсизлик оқибатида тушиб кетгани ҳақида хабар қилган эдик.
Биз ана шу воқеа жойида бўлдик. Воқеа гувоҳлари, қутқарувчилар билан суҳбатлашиб, батафсил маълумот олишга ҳаракат қилдик.

Воқеа гувоҳларининг маълум қилишича, бу ҳолатни энг аввал ўша қудуқ атрофида юрган невараси кўриб қолган. Аввалига қўни-қшнилар билан ўзлари қутқаришга уринишган. Аммо ҳарқанча уринишмасин, арқон узилиб кетавериб, ўзлари қутқаришни эплай олмагач, соат 07:30 да Фавқулодда вазиятлар бўлимига қўни-қўшнилар қўнғироқ қилишиб, воқеа ҳақида хабар беришган ва ёрдам сўрашган. Воқеа жойига 20 дақиқа Ғаллаорол тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи ўринбосари Баҳодир Норбобоев бошчилигидаги 3 нафар 6-сон қутқарувчилари етиб боришган. Тезкорликда қутқарувчи Шодиёр ҲАЙДАРОВ арқон ёрдамида қудуққа туширилган.

Шодиёр ҲАЙДАРОВ, Ғаллаорол тумани ФВБ қутқарувчи:
– Биз ходимларимиз билан воқеа жойига келганимизда атрофда кўпчилик қудуққа қараб интилишаётган эди. Сув тўкилиши оқибатида қудуқ атрофини жуда ҳам қалин муз қоплаб олган эди. Қудуқ ичида бувисини қутқариш учун тушган невараси кўп уринишига қарамай, олиб чиқа олмаганлиги кўриниб турарди. Сўнгра неварасини бир амаллаб қудуқдан чиқариб олдик ва менга қудуққа тушишим айтилди. Ҳеч иккиланмай арқонга осилган ҳолда тушдим. Тушган пайтимда онахоннинг боши сувга ботиб турган ва жуда ҳам ҳолсиз эди. Бироқ шундай бўлса-да, айтган гапларимга жавоб беришга ҳаракат қилдилар. 28 метр чуқурликда тўрт метр баландликкача сув бор эди, сувнинг устида сув тортиб чиқариш учун моторча бор экан. Қудуқнинг диаметри бир метр бўлганлиги сабаб бироз ноқулайликлар ҳам бўлди. Пастлиқда ҳаво олиш анча мушкул эди. Шундай бўлса-да, онахоннинг белига арқон боғлаб юқорига чиқариб олдик. Мен бундай воқеага тўрт йил мобайнида биринчи маротаба дуч келдим. Юқорида ҳаво ҳарорати жуда ҳам совуқ бўлса-да, қудуқ ичидаги сув бироз илиқлиги боис онахон сувда музлаб қолмаган.

Биз онахоннинг ўзи билан ҳам суҳбатлашмоқчи эдик, аммо айрим сабабларга рози бўлишмади. Онахон арқон ёрдамида юқорига олиб чиқилганидан сўнг тиббиёт ходимларига топширилган. Қўшниларининг сўзларига қараганда, айни пайтда онахоннинг соғликлари яхши.

Журналист Набижон ЭРГАШЕВ, тасвирчи Ислом МУРОДОВ
darakchi.uz сайти учун махсус Жиззахдан
“Севимли” телеканалининг “Замон” информацион дастури билан ҳамкорликда тайёрланди






