1

Бухорода 80 ёшли эркакнинг гиёҳвандлик воситаларини экиб етиштираётгани фош бўлди

ЖИНОЯТ 26.11.2020, 20:17
Бухорода 80 ёшли эркакнинг гиёҳвандлик воситаларини экиб етиштираётгани фош бўлди

2020 йил 13 октябрда жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят Шофиркон туман судида, очиқ суд мажлисида 80 ёшли судланувчи Р.Р.га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқилди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти Шофиркон туман суди раиси Улуғбек Бозоров хабар қилди...

Шофиркон туман ҳудудида “Қорадори-2020” тадбири олиб борилди. Судланувчи Шофиркон туманидаги уйи ҳовлисининг 3 сотих экин ерида Бухоро вилояти ИИБ ЭКБнинг 20 майдаги экспертиза хулосасига кўра, гиёҳвандлик воситаси бўлган 2.524 туп “кўкнор” гиёҳвандлик ўсимлигини, гиёҳвандлик воситаси бўлган 4 туп “каннабис” гиёҳвандлик ўсимлигини қонунга хилоф равишда экиб етиштиргани Шофиркон тумани ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан аниқланган.

Шунингдек, судланувчининг ўзи ўстирган 2.524 туп, умумий соф оғирлиги 19.434 граммга тенг кўп миқдордаги ҳўл-қуримаган ҳолдаги кўкнор гиёҳвандлик воситаларини келгусида ўтказиш мақсадини кўзлаб, қонунга хилоф равишда сақлаб келгани ҳам ўша куни Шофиркон тумани ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан аниқланган.

Унинг уйи кўздан кечирилганда турли хил ўрамларда бўлган яшил, сарғиш ва бинафша ранглардаги, ўзига хос ўткир ҳидли, қуритилган ҳолда бўлган ўсимлик бошоқлари, гулбарглари, бўлаклари ва майдалари, умумий соф оғирлиги 1.284 граммга тенг қуритилган кўкнор хашаги гиёҳвандлик воситасини ҳам сақлаб келгани Шофиркон тумани ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тинтув тергов ҳаракати давомида аниқланган.

“БИР-НЕЧА МАРОТАБА “КЎКНОР ЕТИШТИРМАНГ”, ДЕЙИШГАН”

Судланувчи судда айбига тўлиқ иқрор бўлди...

- 2008 йилда Шофиркон туман деҳқон бозоридан пиёз уруғларини сотиб олиб келгандим. Уйимнинг экин майдонига ушбу уруғларни эканман. Уруғлардан бир-икки дона кўкнор гиёҳвандлик воситаси униб чиққан. Кўкнор ўсимлигини уруғларини олиб, ўзини чой билан истеъмол қилганман. 2008 йилда биринчи маротаба уйимнинг экин майдонига кўкнор уруғларини эккандим. 2016 йилда кўкнорни иккинчи маротаба экиб етиштирганман. Кўкнорни шу кунга қадар истеъмол қилиб келганман. 2020 йил январда кўкнор уруғларини уйимнинг экин майдонига экиб парваришладим. Кўкнор бошоқларини 2-3 тасини чой сифатида дамлаб ичардим. Январда эккан кўкнорим ёмғир ёққани учун бошоғи катталарини 10 майда, майда бошоқлиларини 15 майда узганман. Биринчи узган кўкноримни уйимнинг ҳеч ким кирмайдиган хонасига осиб қўйганман. Қуриган кўкнор бошоқларини меҳмонхонамдаги шкафга қўйганман. Қуриган ҳолдаги кўкнор баргларини 5 литрлик баклажкага солиб, хонамдаги кроватимнинг остига ташлаб қўйганман. Кўкнорнинг гулларини матодан ясалган қопга солиб қўйганман. Кўкнор гулларини асалга қўшиб истъмол қилганман. Қуритилган кўкнорнинг баргларини чой сифатида дамлаб ичардим. Кўкнорни 5-6 кун давомида қуритганман. Кейин ҳовлимнинг экин майдонидаги кўкнорни омборхонамга осиб қўйганман. Бу кўкнорни бирон-бир шахсга сотмаганман, сотиш ниятим ҳам бўлмаган. 20 майда ИИБ ходимлари келиб, уйимни холислар иштирокида кўздан кечиришди. Ходимлар экиб етиштирган кўкноримни топиб, тегишли тартибда расмийлаштиришди. 

Январда Шофиркон тумани марказида бўлганимда йўлдан бир бўлак латтага боғлаб қўйилган уруғларни топиб олганман. Бу уруғларни уйининг экин майдонига экиб етиштирганман. 20 май куни уруғдан униб чиққан ўсимликни узиб олиб, айвонига осиб қўйганман. Уруғлардан униб чиққан ўсимлик каннабис эди. Уни униб чиққанидан сўнг билганман. Марихуанани истеъмол қилмаганман. Бу уруғ нима эканини билиш мақсадида экканман. Уйимда етиштирган кўкнор ҳақида фақат ўғлим ва келинимни хабари бўлган. Улар менга бир-неча маротаба “кўкнор етиштирманг”, дейишган. Соғлиғим ёмонлиги сабабли кўкнорни истеъмол қилганман. Истеъмол қилмасам, касалим қайталаниши мумкин. Уни етиштиришимни бошқа бирон киши билмаган. Уйимдан ҳужжатлаштириб олинган барча гиёҳвандлик воситаларини хонадонимда етиштирганман. Қилмишимдан чин кўнгилдан пушаймонман. 

Судланувчининг айби далиллар билан ҳам тасдиқланди.

Судланувчининг жиноий ҳаракати ЖКнинг 25, 273-моддаси 5-қисмидан 273-моддаси 2-қисмига қайта квалификация қилинди. У ЖКнинг 270-моддаси 1-қисми ва 273-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди.

Судланувчига ЖКнинг 59-моддасига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиб, ўташ учун узил-кесил 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

С.АЛЛАБЕРГАНОВА, журналист

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1