Сардоба сув омбори тошқинидан зарар кўрган аҳолини янги кўп қаватли уйларга жойлаштириш билан боғлиқ муаммолар қандай ҳал этилмоқда? Бу бўйича маълумот беришни бироз аввал ваъда қилгандик. Ҳеч ким уйсиз қолмаслигини тасдиқлаган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шерзод Қулматов билан суҳбатимиз жараёнида бошқа муҳим саволларга ҳам жавоб олдик.

УЙЛАР ҚАЙ ТАРЗДА ТОПШИРИЛМОҚДА?
— Олий Мажлис Қонучилик палатасидан 15 нафар депутат Оқ олтин, Мирзаобод ва Сардоба туманларида янгидан бароп этилган кўп қаватли уйларни эгаларига шаффоф ва адолатли топширилишини назорат қилиш учун келганмиз. Шахсан ўзим 29 октябрдан бери шу ердаман. Мирзаобод туманига бириктирилганман. Бугунги кунга қадар ўрганилган ва уйга муҳтож бўлган аҳолининг барчасига қуръа ташлаш асосида уйларини тарқатдик.
БИРИНЧИ ҚАВАТДА НОГИРОНЛАР ВА КЕКСАЛАР
— Ҳар битта уйларимизда 20 та хонадон мавжуд. Биз шундай қилдикки, уйларнинг биринчи қаватларига ногирон ва кексаларни жойлаштириб, қолган юқори қаватларни эса қуръа ташлаш асосида амалга оширдик. Бу танловдан ҳеч ким норози бўлгани йўқ. Барча ўзи қутидан танлаб олган рақамлар бўйича ўз хонадонларини танлаб олиб, кўчиб киришяпти.
МУАММОЛИ ҲОЛАТЛАР ҲАМ БОР
— Хозирда Мирзаобод туманида уйларни ўз эгаларига топшириш бўйича 53 та муаммоли вазиятлар бор. Буларни ўрганиб чиқяпмиз. Яна тўртта қўръа ташлаш маросимини ўтказиб, хонадонларнинг ўз эгаларига топширилишини таъминлаб, ой охиригача уларни ҳам хонадонларига кириш масалаларини кўриб чиқамиз. Комиссия гуруҳлари Адлия вазирлиги, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, вилоят ва туман депутатлар кенгаши ва жамоатчилик вакилларидан иборат. Муаммоли вазиятлар асосан, ҳужжатларидаги камчиликлар бўлиб, кадастр архивидан уларни топиш, маҳалла фаоллари билан уйга талабгор бўлаётганлар ҳақида ўрганиш, жойларга бориб текширувлар ўтказишга бироз вақт кетяпти. Шундай ҳолатлар ҳам бўлдики, бир хонали уй қуриб олиб, томини ёпиб, у уйга кирмасдан, яшамасдан кадастр қилиб олиб, бугун янги хонадонларга даъво қилаётганлар ҳам бўлди.
ИЖАРАГА ЯШАГАН ВА УЙСИЗ БЎЛГАНЛАРГА ҲАМ УЙ БОР
— “Ҳақиқат” маҳалласида 2 қаватли эски боғча биноси мавжуд эди. Уни вилоят ҳокимининг ташаббуси билан 26 та хонадонга эга бўлган, тўлиқ таъмирдан чиқарилган бир хонали уйларга айлантирилди. Уларга ижарада яшаган, уйсиз бўлган, ночор оилаларнинг кириш масаласи ҳам кўриб чиқиляпти. Барчани жойлаштириб, ишни охирига етказгач, кейин Тошкентга қайтамиз. Бирорта одам кўчада қолмайди!
СЕКТОР РАҲБАРЛАРИ (ҲОКИМ, ПРОКУРОР, СОЛИҚ ВА ИИБ РАҲБАРИ) ҲАМ УЙЛИ БЎЛАДИ, САБАБИ...
— Сектор раҳбарларига ҳам хизмат уйлари сифатида 5-қаватдан хонадонлар берилди. Уларнинг ҳар бирига тўртта уйнинг 20-рақамли энг охирги хондонлари топширилди. Сабаби уларнинг ўзлари шу ерда яшаб, халқ ичида бўлиб, муаммолар ва камчиликларга гувоҳ бўлиб, уларни жойида бартараф қилишлари учун шундай тўхтамга келинди.
Сардорбек Раҳмонқулов суҳбатлашди





