АсосийJamiyat

Тошкентда бир неча юз млрд. сўмлик қурилишлар пудратчиларга нега тендерсиз берилган? Қурилиш вазирлиги масалага ойдинлик киритди

'Тошкентда бир неча юз млрд. сўмлик қурилишлар пудратчиларга нега тендерсиз берилган? Қурилиш вазирлиги масалага ойдинлик киритди'ning rasmi

Куни кеча сайтларнинг бирида  “Президент фармонига зид фармойишлар: Тошкентда бир неча юз млрд. сўмлик қурилишлар пудратчиларга нега тендерсиз берилган?” сарлавҳали материал эълон қилинган эди. Мазкур мақолада кўтарилган масалалар Қурилиш вазирлигининг тегишли мутахассислари томонидан атрофлича ўрганилиши натижалари бўйича қуйидагилар маълум қилинади:

"Тошкент шаҳрида ижтимоий ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш мақсадида 2020 йилда пойтахтдаги бир қатор муҳим ижтимоий соҳа объектлари бўйича қурилиш ва таъмирлаш ишларини қисқа муддатларда амалга ошириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг тегишли ҳужжатлари қабул қилинган. Мазкур ҳужжатларга мувофиқ пудратчи ташкилотларни, истисно тариқасида, энг яхши таклифлар орасидан танлаб олиш йўли билан аниқлаш назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 январдаги “2020-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ–4565-сон қарорининг 4-бандида Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатларида пудратчи ташкилотларни танлаб олиш бўйича алоҳида қоидани белгилаш ҳуқуқи назарда тутилган.

“Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг 66- ва 67-моддаларига асосан Ўзбекистон Республикаси Президентининг алоҳида фармонлари, қарорлари ва фармойишларида ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида белгиланган субъектлар ягона етказиб берувчи бўлиши мумкин ва улар билан тўғридан-тўғри шартнома имзолаш рухсат этилган. Яъни ушбу қонун билан ҳам ягона етказиб берувчи танланиши услуби баён этилган ва унга аниқ тариф берилган. 

Шунингдек, пудратчи ташкилотни танловсиз жалб қилиш бўйича қарор қабул қилинганда ҳар бир объектнинг муҳимлиги ва фойдаланишга топшириш муддати, қурувчи ташкилотнинг замонавий техника ва малакали мутахассислар билан таъминлангани ҳамда молиявий барқарорлиги, лойиҳалаш ва қурилиш ишларини бошқаришда хорижий хамкорлар билан алоқалари мавжудлиги алоҳида эътиборга олинган.

Хусусан, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси буюртмаси асосида “Power Construction Planet” МЧЖ томонидан Зангиота туманида ихтисослаштирилган 2 160 ўринли шифокорлар учун карантин зонаси ва Архитектура институтининг 
учта биносини қуриш ҳамда “ECO House-Group” МЧЖ томонидан Геология фанлари университети биносини реконструкция қилиш 
ва Рақамли Тошкент ситуацион марказини барпо этиш ишларини амалга ошириш белгиланган.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил
8 июндаги ПҚ–4740-сон қарорига кўра геология соҳаси эҳтиёжи учун кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда соҳада 
илм-фанни ривожлантириш мақсадида Геология фанлари университети биноси ва иншоотларини қуриш ишлари жадал олиб борилмоқда. 
Жорий йил октябрь ойида Давлат Раҳбарининг мазкур объектга ташрифи давомида берилган кўрсатмалари асосида қурилиш ишларини 2021 йил март ойида якунлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинган.

Ушбу объектлар пудратчиси – “Power Construction Planet” МЧЖда бугунги кунда 7 000 дан зиёд қурувчи ва мутахассислар меҳнат қилиб, 
246 та махсус техникалари мавжуд. Туркиянинг йирик қурилиш-пудрат ташкилотлари қаторидан жой олган “Mesa”, “Muhendis” ва “Uzguven” компанияларининг етакчи мутахассислари қурилиш ишларини бошқариш ва ташкил этишга жалб қилинган.

Шунингдек, ушбу материалда Вазирлар Маҳкамасининг муайян ҳужжатлари Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (lex.uz)да эълон қилинмаганига урғу берилган.

“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасига  асосан Вазирлар Маҳкамасининг фармойишлари қонун ҳужжати, яъни норматив-ҳуқуқий ҳужжат турига кирмайди ва Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Қонуннинг 37-моддасига асосан тезкор ва бошқа жорий масалалар бўйича қабул қилинади.

Айрим фармойишлар Lex.uz базасида эълон қилинган бўлиши мумкин, шу билан бирга фармойишлар қонун ҳужжатлари бўлмаганлиги сабабли, ушбу базада жойлаштирилиши юзасидан мажбурият қонунчиликда белгиланмаган. Қолаверса, мақсад ушбу шартномавий муносабатларни яшириш бўлган тақдирда, улар тўғрисидаги маълумот очиқ порталга қўйилмас эди.

Тендер савдолари асосида пудратчи ташкилотларни танлаб олиш жуда самарали услуб ва бу энг асосий талаб ва тамойилдир. Шу билан бирга, бутун дунё тажрибасида ҳамда Жаҳон банки стандартларида ҳам тўғридан-тўғри музокаралар асосида шартномалар тузиш зарурияти туфайли тендер савдоларисиз танловлар амалга оширилишига йўл қўйилади.

Асосий мақсад – ижтимоий аҳамиятга эга муҳим объектнинг ўз вақтида ва сифатли барпо этилишини таъминлаш. Қурилиш объектларининг лойиҳа ва смета ҳужжатларини тайёрлаш ва уларнинг ижроси устидан қаттиқ назорат ўрнатилган бўлиб, асоссиз маблағлар сарфланишига йўл қўйилмаслиги кафолатли таъминланади" деб ёзилади хабарда. 

    Бошқа янгиликлар