Шу кунларда пойтахтимизда оммавий қабуллар ҳафталиги бўлиб ўтмоқда. Ҳафталик доирасида муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарларининг халқ билан мулоқоти ташкил қилинди. Президент Халқ қабулхоналари, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар, Адлия, Мудофаа, Ташқи ишлар вазирликлари, Давлат божхона қўмитаси, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Мажбурий ижро бюроси, Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мутасаддилари алоҳида шўъбаларда аҳоли ва тадбиркорларнинг мурожаатларини тинглади.
Оммавий қабулда Олий суд мутасаддиларига 137 нафар, Бош прокуратура масъулларига 91 нафар, Ички ишлар вазирлигига 56 нафар мурожаатчи ўз аризалари, шикоятлари ва таклифлари билан юзланди.
Жумладан, бир неча йил Тошкент молия институтида ҳуқуқшунос бўлиб ишлаган Мирғани Акбаров ноқонуний ишдан бўшатилганидан шикоят қилди. Унинг мурожаати Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан ўрганиб чиқилганида, фуқаронинг чиндан ҳам ноқонуний ишдан бўшатилгани, ишдан бўшатганларга нисбатан жиноят иши очилгани аниқланди. Шаҳар прокуратураси масъуллари бу масалага адолатли ечим топиб, фуқаронинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тиклаб беришни, қонуний манфаатлари амалда таъминланишини қатъий назоратга олди.
Тадбиркор Гулсара Умирова раҳбарлигидаги қурилиш корхонаси Миробод туманидаги объектлардан бирида 130 млн. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга оширган бўлса-да, 2019 йил апрель ойидан буён 130 млн. сўмлик хизмат ҳақини ҳалигача ундира олмаётган экан. Мажбурий ижро бюроси масъуллари бу масалани ҳал қилиб берадиган бўлди.

Президент Халқ қабулхоналари Тошкент шаҳрида ташкил қилган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарларининг оммавий қабулида 414 нафар мурожаатчининг 431 та масаласи кўриб чиқилди. Уларнинг 86 тасига жойида ечим топилган бўлса, 95 та мурожаат бўйича ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилди, 250 та мурожаат бўйича эса аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб назоратга олинди.
Пойтахтимиздаги оммавий қабуллар ҳафталиги давом этмоқда.






