АсосийЖАМИЯТ

Жорий йил суд тизимида содир этилган коррупцион ҳатти-ҳаракатларга қандай чоралар кўрилди?

Аввал хабар берганимиздек, “9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш куни” арафасида, А...

'Жорий йил суд тизимида содир этилган коррупцион ҳатти-ҳаракатларга қандай чоралар кўрилди?'ning rasmi

Аввал хабар берганимиздек, “9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш куни” арафасида, Агентликнинг “Антикоррупция ҳафталиги” доирасида бугун, 30 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамкорлигида “Одил судловни таъминлаш – Ўзбекистонни коррупциядан холи ҳудудга айлантиришнинг муҳим омили” мавзусида конференция ўтказилди. Унда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг ўринбосари Умида Тўхташева фуқаролар розилигига эришишимиз учун ҳамкорликда қилинадиган ишлар режаси ва соҳада коррупциоген ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган таклифлари билан бўлишди... 

- Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ҳар қандай ислоҳот, ўзгариш бошқа барча соҳаларга, жумладан, иқтисодиёт, сиёсат, инвестициялар, тадбиркорлик, инсон ҳуқуқлари йўналишларида ривожланишига ўз таъсирини ўтказмай қолмайди.

Шу билан биргаликда мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини мустаҳкамловчи асосий индикаторлардан бири бу одил судловни ва суд тизиминининг мустақиллигини таъминлашдир. Бу бўйича БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саяннинг 2019 йилдаги мамлакатимиздаги ташрифи давомида билдирган тавсияларини ва бошқа халқаро ҳужжатлардаги нормаларни ҳаётга татбиқ этиш масаласини ҳам ҳамкорликда кўриб чиқишимиз лозим. Шубҳасиз, мазкур тавсиялар мамлакатимиз рейтинг кўрсаткичларини яхшилаш билан бирга, соҳада коррупциоген ҳолатни бартараф этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Судларнинг асосий вазифаси адолатни таъминлаш ҳисобланади, биз курашаётган коррупция илллати ҳам ўша адолатсизликнинг ёрқин кўринишларидан биридир. Боиси бунда маълум бир факторлар аралашуви туфайли фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилик принципига путур етказилади ва бошқа одамга ноқонуний устунлик берилади. Бу бора-бора жамиятнинг емирилишига, инсонларни адолатга ишончи сўнишига олиб келади. 

Шу боисдан, Президентимиз томонидан имзоланган илк қонунлардан бири ҳам “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонундир. Албатта, жорий йил 29 июндаги Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони мазкур соҳада давлатимиз сиёсатининг қатъий позициясини ифодалаб берди. Мазкур фармон билан Агентлигимиз ташкил этилди, унинг асосий вазифалари белгиланди. Шунингдек, мазкур фармонда Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат органлари, ОАВ, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа нодавлат сектор вакилларининг биргаликдаги самарали фаолиятини таъминлаш Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди. 

Суд соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасидаги ижобий ўзгаришларни эътироф этган ҳолда, шуни таъкидлаш лозимки, ҳали фуқаролар розилигига эришишимиз учун ҳамкорликда қиладиган ишларимиз етарлича. Афсуски, сўнгги вақтда суд тизимида ҳам айрим коррупциоген ҳолатлар учраб турибди.

Агентлигимиз томонидан суд тизимида содир этилаётган коррупцион ҳатти-ҳаракатларни таҳлил қилганимизда, асосан қуйидаги 4 йўналишда намоён бўлаётганини кўришимиз мумкин:

Биринчи – энг хавфлиси бу албатта пора олиш-бериш билан боғлиқ жиноятлар. 

Жорий йилнинг 11 ойи мобайнида ўз фаолиятида камчиликларга йўл қўйган 27 нафар судья интизомий жавобгарликка тортилган, шунингдек 8 нафар судьянинг ваколати муддатидан илгари тугатилган.

Иккинчиси бу – давлат маблағларини талон-тарож қилиш билан ҳуқуқбузарликлар. 

Учинчи яна бир бир йўналиш – бу судьяларнинг жиноий унсурлар билан киришиб кетиши, бошқача қилиб айтганда, манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари. 

Тўртинчи йўналиш бу – судьялар томонидан одоб-аҳлоқ қоидаларини бузиш ҳолатлари. 

Агентлик ташкил этилганидан бери бизга келаётган мурожаатларни таҳлил қилганимизда эса мурожаатларнинг энг кўп қисми, яъни 20 фоизи суд қарорлари юзасидан келиб тушганини кўришимиз мумкин.

Умуман, бу рақам ва мисоллардан ҳам кўриниб турибдики, ҳали бу борадаги саъй-ҳаракатларимиз етарлича эмас ва бунда фақатгина Олий суд ёки Судьялар олий кенгаши ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги эмас, балки бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари, шу жумладан, парламентимиз, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда ишлашимизга тўғри келади. Шундан келиб чиқиб, Қонунчилик палатаси, Ёшлар Иттифоқи, Юксалиш умуммиллий ҳаракати вакилларига миннатдорчилик билдирган ҳолда, бу соҳада янада яқин ҳамкорликка чақириб қоламиз. Чунки биз жиноятлар билан курашиш эмас, уни келтириб чиқарган омилларни аниқлаш, профилактика қилиш, турли тадқиқотларни амалга ошириш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш, ва энг асосийси – мавжуд қонунчиликни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим бўлади.

Одил судлов тизимида ишлайдиган малакали кадрларни тайёрлаш вазифаси Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабига юклатилган. Малакали ходим бўлиш бу албатта коррупциянинг олдини олиш демакдир.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг ўринбосари Олий суд, Судьялар олий кенгаши ва Агентлик ўртасида ҳамкорликда амалга ошириладиган бир қатор йўналишлар бўйича таклифларини ҳам айтиб ўтди: 

– Биринчидан, коррупциоген омилларни бартараф этишга қаратилган норматив-ҳуқуқий хужжатларни ҳамкорликда ишлаб чиқиш;

Иккинчидан, Агентлик ва Олий суд ва Судьялар олий кенгаши ҳамкорлигида мамлакатнинг Ҳуқуқ устуворлиги индекси (The Rule of law index) ва Коррупцияни қабул қилиш индекси (The Corruption perceptions index) бўйича халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш мақсадида бу борада тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

Учинчидан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг коррупцияга қарши экспертизаси самарадорлигини таъминлаш бўйича тегишли чора-тадбирларни ҳамкорликда амалга ошириш;

Тўртинчидан, суд тизимидаги коррупция ҳолатларини тизимли таҳлилини амалга ошириш ҳамда аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга оширсак мақсадга муфовиқ бўларди.

Энг асосий йўналишлардан бири суд тизими ходимлари ўртасида одоб-аҳлоқ қоидаларига амал қилиш, коррупцияга тоқатсиз муносабатни ва унга қарши курашиш маданиятини шакллантиришда, коррупцияга қарши кураш соҳасида фаолият юритувчи кадрлар малакасини оширишга кўмаклашиш масаласи режаларимиздан ўрин олган. Умид қиламанки, келгусидаги ҳамкорлигимиз мамлакатимизда одил судловни таъминлашга, ва коррупция иллатининг бартараф этилишига сабаб бўлади.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА

    Бошқа янгиликлар