Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти томонидан давлат бошқаруви органлари ва ташкилотларда давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари ижроси таҳлилига бағишланган анжуман ташкил этилди.
Давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарларининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчилари иштирокида ўтган тадбирда ташкилотларда “Давлат тили ҳақида”ги Қонун ижроси, давлат тилида иш юритиш ҳолати танқидий таҳлил қилинди.
Хусусан, Департамент Ишчи гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, Монополияга қарши курашиш давлат қўмитаси, Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, “Uzbekistan airports” AЖ, “Uzbekistan airways” AЖда давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан ўтказилган мақсадли ўрганиш жараёнида аниқланган камчиликлар кўриб чиқилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 20 октябрдаги ПФ–6084-сон Фармонида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида давлат тили имкониятларидан тўлиқ ва тўғри фойдаланишга эришиш бўйича белгилаб берилган вазифалар ижросида маслаҳатчилар фаоллигини ошириш, барча вазирлик ва идоралар таркибида иш юритиш, шунингдек барча идоралараро ҳужжатлар айланиши давлат тилида бўлишини тўлиқ таъминлаш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Давлат тилининг нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан мониторингни амалга ошириш, ушбу соҳада жамоатчилик назоратининг самарали шаклларини жорий этишга қаратилган келгуси режа ва вазифалар белгилаб олинди.
Тадбирда Департамент томонидан тайёрланган маслаҳатчилар учун қўлланманинг тақдимоти бўлиб ўтди.