АсосийЖАМИЯТ

Олий суд ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўзаро ҳамкорлик Меморандуми имзолади

Аввал хабар берганимиздек, “9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш куни” арафасида Ўз...

'Олий суд ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўзаро ҳамкорлик Меморандуми имзолади'ning rasmi

Аввал хабар берганимиздек, “9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш куни” арафасида Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамкорлигида “Одил судловни таъминлаш – Ўзбекистонни коррупциядан холи ҳудудга айлантиришнинг муҳим омили” мавзусида конференция ўтказилди. Унда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов ҳам қатор йўналишларда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдиради...

Ўзбекистонда суд тизими ислоҳ қилиниши натижасида ўтган давр мобайнида 2700 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди. Шунингдек, 2017-2020 йилларда 3081 нафар шахс суд залидан озод қилинган бўлса, 2623 нафар фуқарога асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқарилди ва ўзгартирилди. 

Коррупцияга қарши курашиш борасида ҳам алоҳида қонуннинг қабул қилиниши, Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгашнинг тузилиши ва Президентга бўйсунадиган ва Олий Мажлис палаталари олдида ҳисобдор бўлган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилиши Ўзбекистонда илк бор мазкур иллатга қарши фундаментал ва тизимли курашиш бошланганидан далолат беради. 

Мустақил суд тизимига эга бўлган ва ривожланган давлатлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, суд тизими тийиб туриш воситаси сифатида, қолаверса тергов, прокуратура, адвокатура тизимлари ва фуқаролик жамиятини ҳуқуқий тарбиялаш ва ривожлантириш учун ўта муҳим ролни бажаради. Яъни, агар суд ҳокимиятининг чинаккам мустақиллиги таъминласа давлат ҳам, жамият ҳам ҳуқуқий давлат сифатида шаклланишига имкон яратилади ва изчил ривожланиш жараёнларига йўл очилади. Суд ҳокимиятининг мустақиллиги шунингдек, коррупцияга қарши курашишга ҳам катта ҳисса қўшиши маълум. Одил судловнинг амалга оширилиши давлат ва жамият бошқарувидаги тизимларнинг заиф нуқталарини кўрсатиб беради ва очиб беради, коррупциоген тизимлар ва схемаларнинг фош қилишга кўмаклашади. 

Жумладан, мансабдор шахсларнинг ноқонуний қарорларини бекор қилиш ҳақида мурожаат қилиш, давлат идоралари мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари устидан шикоят бериш, давлат идоралари айби билан етказилган зарарларни ундириш бўйича мурожаатларнинг суд томонидан адолатли кўриб чиқишлишини кафолатлаш, манфаатлар тўқнашувини бартараф этишга хизмат қилиш орқали мамлакатда корупцияга қарши курашишнинг институционал шароитларини яратади.

Таъкидлаш жоизки, одил судловни таъминлашда ва коррупцияга қарши самарали курашишда шубҳасиз кенг жамоатчиликнинг қўллаб-қувватлови ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Бугунги кунда мамлакатимизда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантириш масалаларида фуқаролик жамияти институтларининг роли ошиб бораётгани энг аҳамиятли тенденциялардан ҳисобланади.

Сўнгги йилларда ОАВ ва нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан жамоатчилик муҳокамалари, ижтимоий сўровлар, мустақил тадқиқотлар ҳамда жамоатчилик назорати тадбирларининг ўтказилиши каби муҳим вазифаларнинг амалга оширилиб келинаётгани уларнинг давлат ва жамият бошқарувида фаоллиги ошиб бораётгани кузатилмоқда. 

Бизнингча, фуқаролик жамияти институтлари муҳокама мавзусидаги масалалар бўйича қуйидаги муҳим вазифаларни бажаришда жонбозлик кўрсатиши мумкин: 

БИРИНЧИДАН:

  • одил судловни амалга ошириш жараёнларининг очиқлигини таъминлашга кўмаклашиш;
  • оммавий ахборот воситалари билан конструктив ҳамкорликни кенгайтириш;
  • фуқароларнинг суд ҳокимиятига ишончни баҳолаб бориш;
  • суд тизимининг оммавий маълумот тарқатиш механизмларини кучайтириш;
  • суд ҳокимиятининг профессионал потенциалини ва чинаккам мустақиллигини таъминлаш бўйича узоқ йиллик стратегик режаларни кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда ишлаб чиқиш каби масалаларда фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ҳамкорликни амалга ошириш мумкин.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Олий Суд, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Судьялар олий кенгаши ва коррупцияга қарши курашиш саъй-ҳаракатларини бирлаштириш борасидаги ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлаган ҳолда, қуйидаги йўналишларда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдиради:

  1. Судлар фаолиятининг очиқлиги, шаффофлиги ва самарадорлигини баҳолаб бориш бўйича тизим фойдаланувчилари иштирокида социологик сўровлар ва амалий тадқиқотларни ўтказиш;
  2. Фуқароларнинг суд ҳокимиятига бўлган ишончини баҳолаш бўйича миллий индексни жорий қилиш;
  3. Коррцупцияга қарши курашиш, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга қаратилган кўнгиллилар ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш;
  4. Ўзбекистонда суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасида эришилган ижобий натижаларни халқаро ва хорижий сиёсатни шакллантирувчи доиралар, академик ва экспертлик ҳамжамиятларига тизимли асосда етказиб бориш бўйича механизмларни яратиш;
  5. Суд ҳокимияти, ҳуқуқ-тартибот органлари, парламент ва фуыаролик жамияти институтларининг амалий ва яыин ҳамкорлигини назарда тутувчи ва долзарб масалаларни муҳокама қилувчи миллий майдонларни яратиш ва телелойиҳаларни ишга тушириш;
  6. Адвокатлар иштирокида республика бўйлаб фокус-гуруҳ муҳокамалари ва экспертлик сўровларни ўтказиш орқали суд ҳокимиятининг мустақиллигини доимий баҳолаб борувчи механизмни яратиш;
  7. Президентимиз томонидан Ўзбекистонда қонун устуворлигини таъминлаш борасидаги илғор ташаббусларини ҳаётга татбиқ этиш жараёнларига кенг жамоатчиликни жалб қилиб бориш каби устувор йўналишларда ҳамкорликка тайёрлигимизни билдирамиз.

Шунингдек, конференцияда Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди судьяси Сарвар Арипов ҳам Коррупцияни олдини олиш ва унга қарши қатъий курашиш бўйича қуйидаги таклифлар илгари сурди:

— Хорижий тажрибани копмлекс таҳлил қилган ҳолда: 

1. Давлат хизматчиларининг мол-мулки ва даромадларини декларация қилиш тизимини амалиётга жорий этиш;

2. Жиноят қонунчилигига “Ноқонуний бойлик орттириш” учун жиноий жавобгарликни белгилаш;

3. Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга субъектлар томонидан ишлаб чиқилган ва парламентга киритилаётган қонун лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш тартибини тасдиқлашга қаратилган Президент қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш;

4. Парламент ва жамоатчилик назорати ҳуқуқий  институтлари самарадорлигини ошириш, кенгайтириш, доимий такомиллаштириб бориш;

5. Сохаларни рақамлаштириш, яъни суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатлари-контактларини максимал даражада ахборот коммуникация технологиялари орқали амалга оширилишига эришиш;

6. Судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари фаолиятига “Сунъий интеллект”ни жорий этиш бўйича илмий ва фундаментал тадқиқотлар ўтказилишини жадаллаштириш.      

Конференция сўнгида эса Олий суд ва Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ўзаро ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА

    Бошқа янгиликлар