Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов хабар қилди...
Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг судьялари Р.Т., Р.Қ. ва М.А.га нисбатан 2020 йил 5 октябрь куни хизмат текшируви якунланган. Текширув хулосасига кўра, 2020 йил 3 октябрь (шанба) куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг судьялари Р.Т., М.А. ва Р.Қ. Паркент туманидаги Сўқоқ қишлоғида жойлашган чойхонада овқатланиш давомида спиртли ичимлик истеъмол қилишган. Р.Қ.нинг бошқарувида бўлган автотранспорт воситасини маст ҳолда бошқариб, Паркент туман марказий чорраҳасида бириктириш дислокацияси асосида хизмат вазифасини ўтаётган Паркент тумани ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан тўхтатилган. Ушбу автомашина ҳайдовчиси Р.Қ. ўзини жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг судьяси эканини айтиб, хизмат гувоҳномасини кўрсатган ҳолда таништирган ва ҳақиқатдан ҳам спиртли ичимлик истеъмол қилганини маълум қилган.
Туман ИИБ ЙҲХБ ходимларининг таклифига асосан, Р.Қ. тиббий кўрикдан ўтган вақтида унинг мастлик ҳолати 146-сонли баённомага асосан тасдиқланган.
ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан судья Р.Қ.нинг автомашинасини жарима майдончасига олиб бориш вақтида автомашинада йўловчи тариқасида ҳаракатланган Р.Т. ИИБ ЙХХБ инспектори У.А.ни ҳақоратли сўзлар билан ҳақоратлагани ҳамда судья М.А.нинг судья Р.Қ. ва Р.Т. билан бирга спиртли ичимлик истеъмол қилиб, уларни маст ҳолда эканликларини била туриб, ушбу автотранспортда йўловчи сифатида ҳаракатланиб, ушбу ҳаракатланишга бефарқ муносабатда бўлгани каби ҳолатлар судьяларининг одоб-ахлоқ кодексида белгилаб қўйилган қоидаларни бузилишига олиб келган.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судлари судьялари малака ҳайъатининг 2020 йил 6 октябрдаги хулосаларига мувофиқ Р.Т. ва Р.Қ.нинг судьялик ваколатларини муддатидан илгари тугатиш ҳақидаги хулоса берилган. Малака ҳайъатининг 2020 йил 6 октябрдаги қарорига кўра, М.А.га “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилган.
Судьялар олий кенгашининг 2020 йил 6 октябрдаги қарорларига кўра, Р.Т. ва Р.Қ. судьялар одоб-ахлоқи қоидаларини бузганлиги ҳамда аризасига биноан жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг судьяси лавозимидан озод этилиб, ваколатлари муддатидан илгари тугатилган. Уларга нисбатан юритилган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш Юқоричирчиқ туман маъмурий судида кўриб чиқилди.
Ушбу суднинг 2020 йил 1 декабрдаги қарорига кўра, Р.Қ. МЖтКнинг 131-моддаси 1-қисми ва 194-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилган. Унга нисбатан МЖтКнинг 34-моддасига асосан узил-кесил 1 йил 6 ой муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари 5 575 000 сўм миқдорда жарима жазоси тайинланган.
Шунингдек, мазкур қарорга асосан Р.Т. МЖтКнинг 52-моддаси 2-қисми ва 194-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилган. Унга нисбатан МЖтКнинг 34-моддасига асосан узил-кесил базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари 446 000 сўм миқдорда жарима жазоси тайинланган.