Президентимизнинг тегишли фармон ва қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида юртимиз бўйлаб аҳолини тиббий хатлов ва антропометриядан ўтказиш тадбирлари бошланди. Ушбу лойиҳага республиканинг барча ҳудудларидан намунавий туман ва шаҳарлар, Сирдарё ва Қашқадарё вилоятларида эса барча туман ва шаҳарлар қамраб олиниши белгиланган.
Президентимизнинг Қашқадарё вилоятига сўнгги ташрифи чоғида Қашқадарё вилояти мисолида аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг мутлақо янги тизимини жорий қилиш бўйича топшириқлар берилди.

Ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида вилоятнинг барча туманларини қамраб олган ҳолда:
тиббий бригадаларни шакллантириш;
хонадон патронажи;
тиббий хатловни электрон тизимда шакллантириш;
антропометрик ўлчов ва текширувларни амалга ошириш;
мақсадли скрининг ва кўриклар;
тиббий маълумотларни планшетга киритиш ва умумлаштириш учун махсус электрон дастур ишлаб чиқиш;
хонадоннинг тиббий картаси, маҳалла, туман “Саломатлик профили”ни яратиш;
аҳоли орасида тўғри овқатланиш ва жисмоний фаоллик одатларини шакллантириш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган.
Хонадонларда патронаж ва антропометрия тадбирлари доирасида поликлиника ва оилавий шифокор пунктиларда қуйидаги мақсадли скрининг тадбирлари амалга оширилади:
шифокор томонидан 40 ёшдан ошган фуқароларда махсус саволнома асосида юқумли бўлмаган касалликлар скрининги;
акушер-гинеколог томонидан туғиш ёшидаги аёллар кўкрак бези саратони скрининги;
қонда қанд миқдорини аниқлаш орқали 2-турдаги қандли диабет касаллиги скрининги.
Лойиҳани амалга ошириш учун вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида худудий раҳбарлар бошчилигида махсус мониторинг гуруҳи тузилиб, уларга ташкил этилаётган тиббий бригадаларни назорат қилиш, уларни зарур мобил жиҳозлар билан таъминлаш, мобил поликлиника фаолиятини ташкиллаштириш учун автотранспорт ажратиш, зарур миқдорда реактив ва сарфлов материаллари билан таъминлаш каби молиявий масалаларни ҳал қилиш юклатилди.
Шу мақсадда вилоятда 1535 тиббий бригада ташкил этилиб, ўз ҳудудларига бириктирилди.
Бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш тизими доирасида аҳолини тиббий хатлов ва антропометриядан ўтказиш тадбирларига яқиндан ёрдам бериш мақсадида мамлакат бўйлаб тиббиёт олий ўқув юртларининг юқори курсда ўқиётган, магистратура ва клиник ординатура бўйича таҳсил олаётган қашқадарёлик талабаларнинг ўз вилоятларида амалиёт ўташлари белгиланди.
Ҳозирда вилоятда тиббиёт олий ўқув юрти ва ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг 695 нафар шундай амалиётчи талабалари ҳамда 75 нафар профессор-ўқитувчилари сафарбар этилди. Улар иштирокида 38 та заҳира тиббий бригадалари шакллантирилган.
Қашқадарё вилоятининг барча ҳудудларида бошланган аҳолини тиббий хатлов ва антропометриядан ўтказиш тадбирлари кейинчалик бутун мамлакат бўйлаб татбиқ этилиши мўлжалланган.






