1

Жондор туманига ҳам янги ҳоким тайинланди

СИЁСАТ 03.12.2020, 11:11
Жондор туманига ҳам янги ҳоким тайинланди

Халқ  депутатлари Жондор туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтмоқда, дея хабар қилди Бухоро вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати.

Сессияда сўз олган вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Ботир Зарипов Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 24 ноябрь куни ўтган навбатдаги видеоселектор йиғилишида иш ўринлари ташкил этиш, тадбиркорлар муаммоларини ҳал қилиш ва уларни қўллаб-қувватлаш борасида ўзибўларчиликка йўл қўйганлиги учун Жондор туман ҳокимини лавозимидан озод этиш масаласи қўйилганлигини айтиб ўтди. — Бунга етарли асослар бор, албатта, - деди вилоят раҳбари. Масалан, октябрь ойи рейтинг натижалари таҳлили бўйича тумандаги сектор раҳбарлари томонидан аксарият кўрсаткичларга етарли эътибор қаратилмаганлиги сабабли 13 та туман ва шаҳарлар орасида Жондор тумани 12 ўринни қайд этган. Бу туман секторлар раҳбарлари ҳамжиҳатликда иш олиб бормай, бошбошдоқликка йўл қўйганининг асосий белгиси эканлиги таъкидланди.   

Қайд этилишича,  яратилган имкониятларга қарамасдан, Жондор туманида ҳам мавжуд инфратузилмадан етарли даражада фойдаланилмаган, ҳудудни ривожлантириш борасидаги ишлар талаб даражасида ташкил этилмаган, хизмат кўрсатиш соҳасида ривожланган туман ёки шаҳарлар даражасидан кам бўлмаган салоҳиятга эга бўлсада, бугунги кунга келиб туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар етарли даражада эмас ҳамда ўз ечимини топмаган кўплаб муаммолар мавжуд. Жумладан, 9 ойлик якунларига кўра, 445,5 млрд сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, ўсиш суръати 101,3 фоизни ташкил қилган бўлса-да, туманнинг вилоят саноатидаги улуши атиги 3,6 фоизгина холос. Шу билан бирга, жон бошига саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2 млн 547,0 минг сўмни ташкил қилиб, вилоят кўрсаткичидан 59,2 фоизга кам ҳисобланади.

Туманда камбағал оилалардаги 5 минг 108 нафар меҳнатга лаёқатли ишсиз фуқароларнинг 5 минг 94 нафари ёки 99,7 фоизининг бандлиги таъминланган бўлса-да, уларнинг 4 минг 27 нафари ёки жами бандликнинг 79,1 фоизи доимий иш жойи бўлмаган жамоатчилик ва ўзини-ўзи банд қилиш йўналишларга жойлаштирилиб, доимий даромад манбаига эга бўлган Инвестиция ҳамда қурилиш комплекси йўналишларида камбағал фуқароларнинг бандлигини таъминлаш ишлари қониқарсиз ташкил этилган,- деди вилоят раҳбари.

Шунга кўра, сессияда ташкилий масала кўрилди. Вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Санъатилло Ҳикматов Жондор тумани ҳокими этиб тасдиқланди.

Эслатиб ўтамиз, сал аввал “Ғиждувон ЭИЗ” раҳбари Бухоро туманига ҳоким этиб тайинланган эди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1