Китоб ўрнига “пақилдоқ” олган қашқадарёлик тоға "жиян"ларига совғани етказа олмади
2020 йилнинг 2 декабрь куни Қашқадарё вилоятидаги "Умакай" ЙПХ масканига кириб келга...
2020 йилнинг 2 декабрь куни Қашқадарё вилоятидаги "Умакай" ЙПХ масканига кириб келган “Нексия-3” автомашинаси қоидага кўра текширув учун тўхтатилди. Ўзини хотиржам тутган ҳайдовчи Ш.Ҳ. машинаси кўрикдан ўтказила бошлаганида бироз саросимага тушди. Боиси у машинасида оз эмас кўп эмас, 140 та ўрамда (блок) пиротехника воситаларини олиб келаётган эди.
– Савдо ишлари билан Ургут туманига боргандим, – дейди Ш.Ҳ – Бозор ёпилган экан. Кейин овқатланиш учун ўша ердаги чойхонага кирдим. Ўша ерда бир бола пиротехника воситалари сотишини билдирди. Жиянларим олиб келинг дегани учун “совға” сифатида олгандим.
Афсуски, жиянларга олинган ушбу “совға”лар манзилига етмасидан ҳушёр инпсекторлар томонидан тўхтатиб қолинди.
- Соат тахминан 20.30 лар чамасида “Умакай” мунтазам ЙПХ масканида фуқаро Ш.Ҳ. бошқарувидаги автомашина тўхтатиб, текширилганда, ҳақиқатдан ҳам автомашина салонида махсус қадоқланган 140 та ўрамда 8400 дона пиротехника воситаларини олиб ўтишга уринганлиги маълум бўлди, - дейди вилоят ЙҲХБ ахборот хизмати раҳбари Ж.Бахтиев. – ушбу ҳолат юзасидан тегишли тартибда баённома расмийлаштирилиб, ҳужжатлар чора кўришлик учун тегишлилиги бўйича Чироқчи тумани ички ишлар бўлимига юборилди.
Каттаю кичик орзиқиб кутаётган янги йил ҳам тобора яқинлашиб келмоқда. Албатта, ҳар ким бу кунга турли совғалар олишни истайди. Айниқса, болажонлар. Аммо бу каби совғаларнинг оқибати қандай тугашини, қанчалар кўнгилсиз ҳолатларни келтириб чиқариши мумкинлигини исботлашга ҳожат йўқ. Қолаверса, пиротехника воситаларини қонунга хилов равишда, сақлаш, ўтказиш ва сотиш жавобгарликка олиб келиши ҳам муқаррар.