Жорий йилнинг 4 декабрь куни соат 07:50ларда, Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, Махтумқули кўчасида жойлашган "Ашхобод" сайлгоҳи қаршисида йўловчи ташувчи икки автобус иштирокида енгил тўқнашув содир бўлган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, ҳодиса 72 ва 148-йўналишда ҳаракатланувчи «Mercedes» ва «Isuzu» автобусларининг хавфли равишда ҳаракатланиши оқибатида рўй берган. Ҳодисага 1989 йилда туғилган ҳайдовчи Д.Р. ва 1976 йилда туғилган ҳайдовчи Ф.М.нинг йўловчи талашиши сабаб бўлган. Ушбу воқеа автомобилдаги видеорегистраторга қайд этилган.
Тўқнашув натижасида тан жароҳати олганлар йўқ.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳозирги вақтда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Тасвирда икки автобус бир-бирига жуда ҳам яқин масофада катта тезликда ҳаракат қилаётгани акс этган. Натижада «Isuzu» автобуси «Mercedes»га олд ён тарафи билан урилган.






