Ижтимоий тармоқда “Қашқадарёда ушланган 2880 қути пиротехника воситасидан бир неча кун ичида 140 қути қолди. Қолганлари қаерга ғойиб бўлди?” сарлавҳаси остида эълон қилинган хабар юзасидан Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати томонидан расмий маълумот берилди.
Жорий йилнинг 5 декабрь куни ижтимоий тармоқдаги “Kun.uz” саҳифасида “Қашқадарёда ушланган 2880 қути пиротехника воситасидан бир неча кун ичида 140 қути қолди. Қолганлари қаерга ғойиб бўлди?” сарлавҳаси остидаги хабар эълон қилинди.

Хабарда, Қашқадарё вилояти ҳудудида жойлашган “Умакай” ЙПХ масканида аниқланган пиротехника воситаларининг сони Қашқадарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати, ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати ва “Sevimli” телеканали томонидан турлича айтилгани келтирилган.
Ушбу масканда аниқланган пиротехника воситалари чора кўришлик учун туман ИИБга топширилган бўлиб, Чироқчи тумани 4-сонли ИИБ ХПБ ИИО ТП профилактика инспектори С.Ахмедов томонидан ҳолат ўрганилиб, “Жиноят иши қўзғатишни рад қилиб маъмурий чора кўришлик учун Маъмурий судга юбориш ҳақида қарор” қабул қилинган.
Ушбу қарорда, жорий йилнинг 2 декабрь куни соат 20:30 ларда Қашқадарё вилояти ҳудудида жойлашган “Умакай” ЙПХ масканида тўхтатилган “Нексия-3” русумли, 70 W 806 NA давлат рақам белгили автомашина салонида 140 блок (ҳар бир блокда 10 қутидан жами 1400 қути, ҳар бир қути ичида 60 донадан) “Трения” номли пиротехника воситалари олиб кетилаётганлиги аниқлангани, ҳолат ўрганилиб, фуқаро Ш.Х.га нисбатан тўпланган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 185-модда прим 1 тартибида чора кўришлик учун Маъмурий ишлар бўйича Чироқчи тумани судига юборилиши бўйича қарор қабул қилинган.
Қабул қилинган қарор Чироқчи тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ бошлиғи А.Жамолов томонидан тасдиқланган.
Ушбу қарор асосида ИИВ ЙҲХББ расмий саҳифасида “Ичида 60 донадан 1400 қути пиротехника воситалари ортилган автомобиль аниқланди” сарлавҳаси остидаги хабар эълон қилинган.






