АсосийЖАМИЯТ

Конституция — мамлакат тараққиётининг ҳуқуқий кафолати

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясининг «Маънавият ва маърифат» марказида ҳам барча...

'Конституция — мамлакат тараққиётининг ҳуқуқий кафолати'ning rasmi

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясининг «Маънавият ва маърифат» марказида ҳам барча карантин қоидаларига амал қилган ҳолда Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 28 йиллигига бағишланган «Конституция-мамлакат тараққиётининг ҳуқуқий кафолати» мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси, Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти, тарих фанлари доктори Баҳром Абдуҳалимов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси Таваккал Чориев, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Умиджон Сулаймонов, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурорининг катта ёрдамчиси адлия майори Ботирбек Собиров, Тошкент шаҳар депутатлар Кенгаши раиси ўринбосари, сиёсий фанлар доктори, профессор, турон академияси академиги, Тошпўлат Матибаев, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Марказий Кенгаши ҳарбий қисмларидаги бошланғич ташкилотлар фаолиятини  мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи, майор Улуғбек Фаттахов, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги муассислигидаги «Муҳофаза +» журнали ва «Вазият» газетасининг Бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Азамат Суюнов, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сергели тумани Кенгаши раиси Азизжон Қаюмов, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Матбуот хизмати ходимлари, Академия профессор-ўқитувчилари ва курсантлари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар — Конституциянинг барча бўлим ва моддалари мустақил Ватанимизнинг миллий қадриятларини тиклашга, инсон манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишга, миллий ва диний қадриятлар ва виждон эркинлигини таъминлашга, оилада мустаҳкам муҳитни таъминлашга, Ватанимиз миллий-маданий меросларидан оқилона ва одилона фойдаланишини белгилаб беришга, миллатлар ва элатлар, халқлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик, бағрикенглик, дўстона муносабатларни яхшилашга ва шунга оид эзгу мақсадларни амалга оширишга қаратилганлиги борасидаги фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Шунингдек, таклиф этилган меҳмонлар томонидан, иштирокчиларни қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар берилди.

Академия бошлиғи генерал-полковник Қобул Бердиев ўз нутқида,бу йил Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинган куннинг йигирма саккиз йиллиги байрами билан самимий табриклаб, асосий Қонунимизда фуқароларнинг виждон эркинлиги, барча миллат ва элатларнинг урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилиниши кафолатланганлигини алоҳида таъкидлаб, давлатимиз раҳбарининг 
«Ўз халқининг хоҳиш-иродаси, дили ва тилидаги эзгу ниятларига ҳамоҳанг Конституцияга эга бўлган мамлакат ўзи белгилаган юксак марралардан ҳеч қачон оғишмасдан доимо олдинга қараб боради» деган ғоят муҳим ибораларини алоҳида эътироф этди.

Қолаверса ташкилотчилар томонидан ташкил этилган бадиий, илмий-услубий ва қонунчилигимизга оид китоблар ярмаркаси ҳамда Коституциямиз қабул қилинганининг 28 йиллигига бағишланган бир қатор шеърлар ҳамда видеолавҳалар намойиши тадбир иштирокчиларида катта таассуротлар қолдирди. 

Тадбир сўнгида таклиф этилган меҳмонлар, Академия ва Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси раҳбарияти томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар. 

— Маълумки, давлат ва жамият ҳаётида баъзи бир нарсалар бўладики, у Ватанимиз каби ягонадир: байроғимиз битта, гербимиз битта, мадҳиямиз битта, шу қатори Конституциямиз ҳам битта. Буларнинг ҳар бири ўз тимсолида она Ватанимиз, халқимизнинг эзгу-мақсадларини ўзида акс эттиради. Шу маънода Конституциямиз ҳар бир фуқаро учун байроғимиз, гербимиз, мадҳиямиз каби муқаддасдир дейди — полковник Абдуазим Ахмадходжаев — Бош қомусимиз қабул қилинишидан мақсад ва вазифаларга эътибор берадиган бўлсак, муқаддимасида мамлакатимиз уқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилиш, демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш мақсадида Конституция қабул қилинганлиги қайд этилган. Яъни Конституциямизнинг асосий моҳияти инсонга муносиб ҳаёт шароитлари яратиш, уни бахтли қилишдан иборатдир.

— Мамлакатимиз тараққиётининг ҳуқуқий ва қонуний асоси бўлган бош Қомусимизда қайд этилган моддалар мазмун-моҳиятини кенг мулоҳазали маърузаларда очиб берилгани, биз ёшларни ҳуқуқий билимизни янада ошириш хизмат қилди десам муболаға бўлмайди дейди — Академия 
3-босқич курсанти Акбар Хурсанов — Биз ёшлар ҳам Конституциямиздан ҳар қанча фахрлансак, ҳар қанча ғурурлансак, уни ҳар қанча ўрганиб, тарғиб қилсак арзийди. Албатта мен қонунлар устувор бўлган юртимизда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш йўлидаги шарафли ва муқаддас бурчимни оқлаб, муҳтарам Президентимиз яратиб берган кенг имкониятлардан унумли фойдаланиб, келажакда етук мутахассис бўлишни мақсад қилиб қўйганман.

 

Фарҳоджон ХОЖАЕВ 

Ўзбекистон Республикаси 

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

Акакдемияси ўқитувчиси, капитан.

Шаҳриддин ФАХРИДДИНОВ,

3-босқич курсанти

    Бошқа янгиликлар