АсосийЖАМИЯТ

Ногаҳон портлаган пақилдоқ туфайли 8 ёшли навоийлик қизалоқнинг кўзлари зарарланди

Янги йил. Бу байрамни барча бирдек яхши кўришини биламиз. Ушбу байрам ҳар йили ўзгача...

'Ногаҳон портлаган пақилдоқ туфайли 8 ёшли навоийлик қизалоқнинг  кўзлари зарарланди'ning rasmi

Янги йил. Бу байрамни барча бирдек яхши кўришини биламиз. Ушбу байрам ҳар йили ўзгача шукуҳ ва завқ-шавқ билан кутиб олинади. Кишилар бир-бирига эзгу тилаклар тилаши, совғалар ҳадя қилиш, дастурхон безатиб меҳмон кутиш, уйларини безаб, арчалар ясатилиши бу байрамнинг анъанасига айланган. 

Айниқса, болажонлар Янги йил байрамини интиқлик билан кутади. 8 ёшли навоийлик Шодия ҳам ҳар йили Янги йилда акаси ва синглиси билан биргаликда уйларини шар, турли безаклар, ҳар хил расмлар чизиб ясантирар, байрам куни эса, келган меҳмонларга қилган ишларини кўрсатиб мақтанишни хуш кўрар эди. 

Унинг севимли байрамига саноқли кунлар қолди, бироқ у шифохонада. Бундан 2 кун аввал кўчада ўйнагани чиққан Шодия, қўшниларнинг пиротехника воситаларини пақиллатиб, ўйнаб юргани пайти, ногаҳон ёқилган пақилдоқ қизалоқ олдига келиб, тушар-тушмас портлади. Шодия шу онда юз қисми ва кўзига келиб урилган учқундан бир муддат ўзини англамади. Сал ўтиб эса, ён-атроф қоронғулашганини, юзлари кучли ачиб, оғриётганини сезди ва йиғлаб юборди. 

Шу куни қизалоқ тез ёрдам машинаси билан шифохонага келиб, ҳамон даво муолажаларини олмоқда. Пақилдоқ сабаб, ҳозир унинг кўзларига ҳам зарар етган. У тўлиқ соғайиши учун 2-3 ой вақт керак. 

Бебош қўшниларнинг пақилдоғи Шодиянинг соғлиги учун анчагина зарар етказди. Аслида ушбу пиротехника воситаларидан фойдаланмаслик содир бўладиган кўплаб нохушликларнинг олдини олади. Бунда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари қаторида, ҳар бир ота-она, маҳалла-кўй, таълим муассасаларининг мутасаддилари ҳам бирдек масъул. 

Аслида юртимизда пиротехника воситаларининг ноқонуний савдоси таъқиқланган бўлишига қарамасдан, жамоат жойларида, бозорлар, савдо марказлари атрофида инсофсиз савдогарлар томонидан фуқароларга сертификатланмаган шу каби буюмларни харид қилишни таклиф этмоқдалар. Ушбу воситалар инсонларга тан жароҳати олишига ёки ёнғинга сабаб бўлиши мумкинлигидан барчанинг хабари бор.

16 ёшли навоийлик йигит С.А ҳам қилган ҳатти-ҳаракати қоидабузарлик эканлигини яхши биларди. Бироқ, осон йўллар эвазига мўмай даромад қилиш истаги унинг ушбу қилмишига замин яратган. У Бухоролик танишидан 80 қути, яъни 4800 дона “Трения” ва “Британик” ёзувли пиротехника воситаларини 12 500 сўмдан сотиб олиб, донаси 25 000 сўмдан пуллаётган пайтида ДХХ Навоий вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида қўлга олинди. Пиротехника воситалари соҳа ходимлари томонидан далилий ашё сифатида расмийлаштириб олинди. 

С.А билан суҳбатлашганимизда, у – “Бундан аввал ҳеч қачон бундай иш қилмаганман, байрам олди оиламга ва ўзимга керак бўлади деб, бир-икки сўм пул ишламоқчи эдим. Ота-онамга ҳам ёрдам бўлсин дегандим. Бундай жавобгарликка тортишларини билмасдим, афсусдаман” – деб ўз ҳолатини изоҳлади. 

Навоий вилояти ИИБдан олинган маълумотга кўра, сўнгги 10 кун давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигидаги тезкор тадбирларда деярли ҳар куни шу каби ноқонуний олди-сотди ҳолатларга дуч келинмоқда. Ачинарлиси, ушбу ҳатти-ҳаракат иштирокчилари ёшларни ташкил қилаётганидир. Хусусан, 2 декабрь куни Навоий вилояти Хатирчи тумани ИИБ, ҲПБ, ДХХ туман бўлими ходимлари ҳамда Навоий вилояти Миллий Гвардия Қўриқлаш бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида “Янги йил” байрами арафасида ўтказилган тезкор профилактик тадбир давомида, Хатирчи тумани “Сангижуман” МФЙда яшовчи 2001 йилда туғилган фуқаро К.В. "Тамабахрин" МФЙ ҳудудида фуқароларга сотиш мақсадида уйида жами 42 дона пиротехника воситасини сақлаб келаётганлиги аниқланиб, фуқаро К.В.дан ушбу пиротехника воситалари холислар иштирокида текшириб кўришлик мақсадида, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди. Айнан шу кундаги тезкор тадбир давомида, туманнинг “Бўғирдоқ” МФЙда яшовчи 2000 йилда туғилган фуқаро И.Ф. "Бўғирдоқ" МФЙ фуқароларига сотиш мақсадида ,уйида жами 120 дона пиротехника воситасини сақлаб келаётганлиги аниқланди.

Ҳар иккала ҳолат юзасидан қўшимча текширув ишлари олиб борилмоқда. Ҳурматли ота-оналар фарзандингизни тарбияси ва ҳатти-ҳаракатларига бефарқ бўлманг! Пиротехника воситаларидан фойдаланиш, сотиш, ёки сақлаш қонунан таъқиқланади.

 

Ширингул АСОЕВА, Навоийдан махсус тайёрланди

    Бошқа янгиликлар