Тоғли Қорабоғдаги 27 сентябрдан 9 ноябргача давом этган қуролли можародан кейин бир қатор ҳудудларни Озарбайжонга ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги муносабати билан Арманистон Бош вазирининг истеъфосини талаб қилишга қаратилган намойишлар қайта бошланди.
34 нафар намойишчи Арманистон полиция бўлимларига олиб келинди, дея хабар бермоқда "Интерфакс" Арманистон полицияси матбуот хизмати маълумотларига асосланиб.
Ереванда намойишчилар кўчаларни тўсиб қўйиши ойибатида, пойтахтнинг марказида транспорт ҳаракати тўхтаб қолган. "Интерфакс" мухбирининг сўзларига кўра, полиция тирбандликни юзага келтираётган намойишчиларни ҳибсга олмоқда. Шунингдек, намойишчиларнинг тартибсиз ҳаракати сабаб Ереван метро стантсияларидан бири фаолиятини тўхтатди.

Мамлакатнинг Арарат ва Ширак вилоятларида митингчилар вилоят маъмуриятининг ишига халақит қилиб, ходимларнинг биноларга киришига тўсқинлик қилмоқда, дея хабар қилмоқда Арманистон оммавий ахборот воситалари.
Норозилик намойишларининг юзага келишига Арманистон бош вазири Пашиняннинг Россия Федерацияси ва Озарбайжон билан биргаликда ноябр ойида Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги декларацияни қабул қилгани ва минтақадаги қатор ҳудудларни Озарбайжонга топширгани сабаб бўлди. Фуқароларнинг итоатсизлик ҳаракатлари бошланганини энг биринчи бўлиб Пашиняннинг рақиблари эълон қилишди.

"Биз Пашинянга истеъфога чиқиши учун 8 декабр куни соат 12:00 га қадар вақт берган эдик, аммо бу талаб амалга оширилмади. Шу пайтдан бошлаб соат 17: 00гача Арманистон фуқаролари итоатсизлик актсияларини бошлади. Мен барчани қонун доирасида ҳаракат қилишга чақираман", - дея ўзининг Фаcебоок саҳифасидаги жонли эфирда таъкидлади "Дашнакцутюн" мухолифат партиясининг матбуот котиби Ишхан Сагателян.
Шунингдек, у полиция ходимларини "Пашиняннинг ноқонуний буйруқларини" бажармасликка чақирди.
5-декабр куни бўлиб ўтган митингда оппозиция Пашинянни 8-декабр куни тушгача истеъфога чиқишини талаб қилди. Акс ҳолда, мухолифатчилар Арманистон бўйлаб фуқаролик итоатсизлиги ҳаракатларини бошлашга ваъда беришди.
Ноябрь ойида ҳам Арманистонда минглаб одамлар Бош Вазир истеъфосини талаб қилгани ҳақида хабар берган эдик.






