Қибрай тумани ҳокими М.Миркасимов бошчилигида сектор раҳбарлари, ҳокимлик масъуллари, корхона-ташкилот раҳбарлари ҳамда тегишли мутасаддилар иштирокида "Ҳокимлик соати" ўтказилди.
Унда қиш мавсуми учун зарур қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захирасини жамғариш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан ҳоким ўринбосари Х.Бекмуродов ахборот берди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
Ҳоким ўринбосари туман аҳолиси учун зарур турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари захирасини жамғариш режага нисбатан 5 фоиз ортиғи билан бажарилгани, аммо айрим мактабгача таълим ҳамда тиббиёт муассасаларида бу борада камчиликларга йўл қўйилаётганлигини аниқ маълумотлар асосида таҳлил қилди.
Йиғилишда туман ҳокими коммунал соҳалардаги (газ, свет, сув) МИБ томонидан ундирилиши белгиланган қарздорликларни ундириш, хонадонларга янги ҳисоблагичларни ўрнатишдаги мавжуд камчиликлар тўғрисида ҳам гапирди.
Тадбирда ҳосилдан бўшаган ерларга тўқсонбосди (куз ойи сўнгида экиладиган эрта пишар) экинларни экиш бўйича ишлар етарли даражада амалга оширилмаётганлиги танқид қилинди ва ушбу юмушларни белгиланган муддатларда якунига етказиш вазифаси топширилди.
Йиғилиш якунида, ижро интизомига риоя этмаган ҳамда юқоридаги камчиликларга йўл қўйган айрим мутасаддиларга ҳайфсан ва қатъий огоҳлантиришлар берилди.







