Бугун 9 декабрь куни соат тонгги 05:50ларда Жиззах вилояти, Ш.Рашидов тумани ҳудудидан ўтган йўлда аянчли ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати хабар берди.
Ҳодиса М39 автомобиль йўлининг 985-километрида содир бўлди. Ҳайдовчи, 1993 йилда туғилган Р.К. "Epica" русумли автомобилда "Самарқанд-Тошкент" йўналишида ҳаракатланиб кетаётган вақтида бошқарувни йўқотиб, йўл четидаги дарахтга бориб урилиши оқибатида автомобилда ёнғин юзага келган.
Ёнғин ўт ўчирувчилар томонидан бартараф этилган. Автомобиль тўлиқ ёнғиндан зарарланган.



Ҳодиса натижасида вафот этган ёки тан жароҳати олганлар йўқ.
Мазкур ҳодиса юзасидан туман ИИБ ЙҲХБ ва ФВБ ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Барча ҳайдовчилардан об-ҳаво шароитини ҳисобга олиб, йўл ҳаракати қоидаларига амал қилган ҳолда ҳаракатланишларини сўраб қоламиз, дейилади хабарда.






