АсосийЖАМИЯТ

Яқинларига ортиқча ташвиш бўлишни истамаган қумқўрғонлик ёлғиз она туман ҳокимлигининг ёрдамига муҳтож

Ҳар бир инсон уйли-жойли бўлишни орзу қилади. Яхши ҳаёт кечириш, муносиб ворислар қолдириш...

'Яқинларига ортиқча ташвиш бўлишни истамаган қумқўрғонлик ёлғиз она туман ҳокимлигининг ёрдамига муҳтож'ning rasmi

Ҳар бир инсон уйли-жойли бўлишни орзу қилади. Яхши ҳаёт кечириш, муносиб ворислар қолдиришга ҳаракат қилади. Муносиб турмуш учун ҳаракат ва интилиш бўлиши лозим. 2015 йилда оилавий келишмовчилик сабабли, эридан ажрашиб, бир қизини ёлғиз вояга етказаётган Дилшода Соатованинг "Даракчи" газетасига қилган мурожаати ўрганилди. 

Дилшода Соатова 1985 йил Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон тумани “Боғаро” маҳалласида туғилган. У 2008 йилда турмушга чиққан. Икки нафар фарзанд дунёга келган. 2015 йилда оилавий келишмовчилик сабабли, эр-хотин ажрашган. Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туман судининг 2016 йил 13 майдаги қарори билан фарзандларнинг бири отасига, яна бири эса онасига қолдирилади. Шундан кейин Дилшода қизи билан ёлғиз қолади. 

Яқинларига ортиқча ташвиш бўлишини истамаган аёл Қумқўрғон туман ҳокимлигига мурожаат қилади. Туман ҳокимилиги масъуллари ёлғиз онага “Гултеппа” маҳалласида жойлашган реабилтация марказига тегишли турар жойдан бир хонали уй ажратиб беради. Айни кунларда она-бола ушбу манзилда яшаб келмоқда.

- Қизим билан бир хонали уйда яшаш қийинчилик туғдирмоқда, - дейди Дилшода Соатова. - Айниқса, қишли-қировли кунларда яшашимиз оғир кечмоқда. Уйимиз исимайди. Суюлтирилган газ баллони берилгани йўқ. Овқат пиширишда қийналамиз. 

Айсара МИРЗАЕВА, реаблитация маркази директори:
– Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли ҳукуматимизнинг доимий назоратида. Шунга асосан, Дилшода Соатова ҳам вақтинчалик уй билан таъминланди. Шу билан бир қаторда, унинг янги уй-жой олиши учун туман ҳокимлиги томонидан бошланғич бадал тўлови ҳам амалга оширилган. Ҳозирги кунда ҳудудда ўндан ортиқ замонавий уй-жойлар қурилмоқда.  Яқин келажакда Дилшода Соатова   ўзининг шахсий уйига эга бўлади. 

 

Абдулла ШАЙМАРДАНОВ, “Гултепа” маҳалла фуқаролар йиғини раиси: 

Ушбу оила алоҳида назоратимизда. Яқинда хонадон соҳибаси билан яна бир бор учрашдим. Суюлтирилган газ баллони билан таъминлаш мақсадида Қумўрғон туман газ филиали мутасаддилари яқин кунларда баллон етказиб беришга ваъда берди. Ишончим комилки, яқин кунларда масала ижобий ҳал этилади. 

Кишилик жамияти пайдо бўлгандан бошлаб инсон яхши яшаш учун курашиб келган. Мўъжазгина уй-жойи бўлиши ва гўзал турмуш кечиришни орзу қилади. Бунинг учун эса дадил одимламоқ керак. Қумқўрғон туман ҳокимлиги мутасаддиларидан ёлғиз онага амалий ёрдам беришларини яна бир бор сўраб қоламиз. 

Собит ҚАЙНАРОВ, Сурхондарёдан махсус

    Бошқа янгиликлар