Ўзбекистон халқ шоири Тўлан Низом 2020 йилнинг 10 декабрь куни 82 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳ...
Ўзбекистон халқ шоири Тўлан Низом 2020 йилнинг 10 декабрь куни 82 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати маълум қилди.
Тўлан Низом 1938 йилнинг 17 августида Андижон вилояти Бўз (ҳозирги Бўстон) туманида туғилган. Узоқ йиллар давомида Андижон вилояти Бўз тумани халқ ва касб-ҳунар таълими соҳаларида масъул лавозимларда, шунингдек Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилояти бўлими раҳбари вазифасида ишлаган.
Тўлан Низом мамлакатимиз адабий муҳитида ўз ўрнига эга бўлган фидойи ижодкорлардан бири эди. Халқ севган истеъдодли шоир сифатида мамлакатимизда мустақиллик йилларида қўлга киритилаётган улкан ютуқларни ўз асарлари орқали кенг тарғиб қилди.
Тўлан Низом ўзбек адабиётида энг кўп достон ёзган шоир саналади. Истиқлол йилларида шоирнинг 70 дан ортиқ достон ва шеърий асарлари нашр этилган. Жумладан, унинг юртимиз равнақи, ҳалқимиз фаровонлиги ва истиқлолимиз тараннум этилган “Ҳумо”, “Қуёш қўшиғи”, “Довон”, “Темир йўл” каби достонлари мутахассислар ва китобхонлар томонидан алоҳида эътироф этилган.
Шоирнинг сўнгги йилларда яратган “Қуёш ўлкаси”, “Ватан ҳақида қўшиқ”, “Андижондан салом”, “Шеър айтмаган куним йўқ” номли асарлари ҳамда буюк аждодларимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва Бобораҳим Машрабнинг ҳаёти, ижоди, юксак фалсафий шеъриятига бағишланган “Бобур” ва “Руҳи равоним” достонлари юртдошларимиз қалбидан чуқур жой олган.
Айниқса, 2016 йилда унинг муаллифлигида нашр этилган ўзбек темирйўлчилари ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи “Олтин водий бўйлаб келаётган поезд” номли шеърий қиссаси мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига бағишланган асар сифатида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг махсус мукофотига сазовор бўлган. Айни вақтда сермаҳсул ижодкор “Янги кун” ва “Сегоҳ” достонларини нашрга тайёрлаётган эди.
Тўлан Низомовнинг ижоди Озод Шарафиддинов, Саид Аҳмад, Абдулла Орипов, Ўткир Ҳошимов каби таниқли адабиётшунос, ёзувчи ва шоирлар томонидан юқори баҳоланган.
Тўлан Низомнинг миллий адабиётимиз ривожига қўшган ҳиссаси давлатимиз томонидан муносиб тақдирланиб, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими” (1990), “Ўзбекистон Республикаси халқ шоири” (1998) фахрий унвонлари, “Меҳнат шуҳрати” (2003), “Эл-юрт ҳурмати” (2008) орденлари билан мукофотланган.
Шерзод Асадов мазкур давлат мукофоти билан мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка етказиш, давлат органлари ахборот хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда ахборот соҳасини ривожлантиришдаги хизматлари учун тақдирланган.
“Ташаббусли бюджет” доирасида овоз бериш фақат “Очиқ бюджет” ахборот портали, унинг Android ва iOS учун расмий мобил иловалари ҳамда Telegram’даги расмий бот орқали амалга оширилади.