АсосийЖАМИЯТ

Қашқадарёдаги 5-мактаб маъмурияти атроф-муҳитга 75 миллион сўмдан ортиқ зарар етказишди

 Қашқадарё вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси навбатчилик қис...

'Қашқадарёдаги 5-мактаб маъмурияти атроф-муҳитга 75 миллион сўмдан ортиқ зарар етказишди'ning rasmi

 Қашқадарё вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси навбатчилик қисмига Касби туманининг Комилон қишлоғида дарахтларнинг кесилиши билан боғлиқ тезкор хабар келиб тушади. Хабарга асосан ҳудудда бўлган ходимлар 5-умумтаълим мактабида янги бино пойдевори қурилиши баҳонасида 20 га яқин дарахтни қўпориб ташлангани устидан чиқишади.

-Хабарга кўра манзилда бўлганимизда мактаб ҳудудида 17 туп кўп йиллик тут ва ўрик дарахтларининг илдизи билан қўпориб ташланганининг гувоҳи бўлдик, - дейди Қашқадарё вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бўлим бошлиғи Азизбек ҚУРБОНОВ. – Шундан сўнг ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида ўша ерда бўлган мактаб директорининг ўринбосарлари билан учрашиб изоҳ олишга ҳаракат қилдик. Бироқ уларнинг дарахтларни кесилиши бўйича изоҳ бера олмасликларини маълум қилишди.  

Хабарингиз бор ўзбекистон республикаси вазирлар маҳкамасининг 2020 йил 18 февралдаги қарорига кўра давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарнини кесилишига мораторий жорий қилинган эди. Тут дарахти ҳам мораторий талаблари сирасига кириб, уни кесиш ёки нобуд қилиш жавобгарликка олиб келади. Афсуски, мактаб маъмурияти ҳам янги бино қуриш учун мазкур талабларга кўз юмади. Ўзбошимчалик билан мораторий жорий қилинган дарахтларни кесиб олишади.  

-Айни дамда кесилган дарахтларнинг қиймати ўрганилиб чиқилди. Ўрганишлар натижасига кўра мактаб маъмурияти атроф-муҳитга етмиш беш миллион тўрт юз саксон беш минг сўм миқдорида зарар етказилганлиги маълум бўлди. Ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда, - дейди Қашқадарё вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бўлим бошлиғи Азизбек ҚУРБОНОВ.

Битта кўчатни ўстириш учун йиллар давомида сабр ва меҳнат керак бўлади, албатта. Ўрнатилган чекловлар эса биринчи навбатда бугун долзарб муаммога айланган экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қилади. Зеро, дов-дарахтсиз табиатни, тирикликни тасаввур қилиш ҳам мумкин эмас.  

Шавкат АМИНОВ, Қашқадарёдан махсус тайёрланди

    Бошқа янгиликлар