Жорий йилнинг 8 декабрь куни ижтимоий тармоқда "Каттаконларни тўйи бўлса керак" сарлавҳаси остидаги видео лавҳа тарқалди.
Видео лавҳада "Ласетти" ва "Toyota Land Cruiser" русумли бир неча транспорт воситалари тўй маросимида гуруҳ-гуруҳ бўлиб ҳаракатланганлиги, атрофдаги бошқа ҳаракат қатнашчиларининг эркин ҳаракатига ҳалақит берганлиги ҳолати акс этган.
ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати ҳолат юзасидан муносабат билдирди. Мазкур видео лавҳа юзасидан суриштирув ишлари олиб борилганда, видео лавҳада акс этган "Toyota Land Cruiser" русумли, 01 Z 200 DB давлат рақам белгили автомобиль эгаси давлат рақам белги орқали аниқланганда, ушбу автомобиль фуқаро Г.У.га тегишли бўлганлиги, айни вақтда автомобилни бошқа шахсга сотиб юборганлиги, видео лавҳада акс этган ҳолат 2019 йилнинг ноябрь ойида содир бўлганлиги, ўша вақтда автомобилни ўғли, 1995 йилда туғилган Б.У. бошқарганлиги маълум бўлди.
Шунингдек, видео лавҳада акс этган яна бир "Toyota Land Cruiser" русумли, 01 Е 017 АА давлат рақам белгили автомобиль фуқаро И.Ж.га тегишли эканлиги, видео лавҳадаги ҳолат 2019 йилда содир бўлганлиги маълум бўлди.
Фуқаролар билан профилактик суҳбат ўтказилиб, йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди, дейилади хабарда.






