Қиш эшик қоққани сари кўча-кўйда болалар томонидан турли пиротехника воситаларидан фойдаланиш ҳоллари кўпаяди. Унинг аянчли оқибатлари, болалар тугул катталар соғлиғига таъсири ҳам барчамизга маълум.
Бу матоҳ болалар қўлига тушиб қолса, фавқулодда вазиятлар, жумладан, ёнғин келтириб чиқариши, одамларга оғир жароҳат етказиши мумкин. Шунга қарамай, болалар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, пиротехника воситаларидан фойдаланаётганининг гувоҳи бўляпмиз. Пиротехника воситаларининг аксарияти хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган контрафакт маҳсулотлари эканлигини табиийки, улар билмайди.
Бу борада Хоразм вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Ҳаёт фaолияти хавфсизлиги ўқув маркази ходимлари томонидан таълим муассасаларида “Пиротехника воситаларидан фойдаланишнинг салбий оқибатлари” мавзусида давра суҳбатлари ўтказилмоқда.


Хусусан, Хонқа туманидаги 15-22-42-сонли, Боғот туманидаги 6-24-45-сонли мактабларида сонли ўтказилган тадбирлар давомида пиротехника воситаларидан фойдаланиш орқали содир бўлган бахтсиз ходисилар оқибатида турли даражада тан жароҳат олган болаларнинг айанчли аҳволи ҳақида ҳаётий мисоллар орқали ўқувчи ёшларга тушунчалар бериб, огоҳлантирилди. Уларга мавзуга оид видеороликлар, слайдлар қўйиб берилиб, уларнинг салбий оқибатлари тушунтириб берилди.

Олиб борилган бу давра суҳбатларида жами 595 нафар ўқувчи иштирок этди ҳамда уларга мавзуга оид 400 та эслатма ва буклетлар тарқатилди. Бу каби тадбирлар вилоятимиз бўйлаб, барча шаҳарлар ва туманларда изчил давом эттирилмоқда.


Таъкидлаш жоизки, пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, мамлакатимизга олиб кириш, ташиш, сақлаш ва сотиш тақиқланган. Бундай ҳаракатлар учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 185(1)-моддаси ҳамда Жиноят кодексининг 250(1)-моддасида тегишли жавобгарлик ва жазо чоралари белгиланган.

Пиротехника воситаларидан фойдаланиш орқали содир бўлиши мумкин бўлган турли хил бахтсиз ходисаларнинг олдини олишда барча ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари қаторида ҳар бир ота-она, маҳалла-кўй, таълим муассасалари мутасаддилари бирдек масъулдирлар. Зеро, шундагина биз азиз болажонларимизни ҳаёти ва соғлигини сақлашга эришамиз.






