Депутат Умид Жабборов қонун ҳужжатларидаги айрим рус тилидаги тушунчаларни ўзбек тилига таржима қилиш таклифи билан чиқди. Бу ҳақда "Депутатлар минбари" расмий канали маълум қилди.

Депутат жумладан шундай фикр-мулоҳазаларни баён қилмоқда:
""Бугунги Ялпи мажлис кун тартибида кўрилган 8 та масала ичида айнан биттаси алоҳида эътиборимни тортди. Сабаби, ишлаб чиқилган қонун ҳужжатлари лойиҳалари муҳокамаси бошқа тилда, тўғрироғи, рус тилида олиб борилиб, қабул қилишда давлат тилига мурожаат қилинар эди. Бу ҳолат қонунчилик техникасида (шу ибора ҳам асл ўзбекча эмас, аслида) тил ва талқин бўйича муаммоларни келтириб чиқарган. Бунинг оқибатларини тузатиш эса осон бўлмаслиги аниқ.
Миллий қонунчилигимизда рус тилидаги «законодательство» ва «акты законодательства» тушунчалари ўзбек тилида бир хил «қонун ҳужжатлари» деб таржима қилиниб келинган экан. Худди шундай рус тилидаги «закон» ва «законодательный акт» тушунчалари давлат тилида бир хил «қонун» деб таржима қилинган.
Ҳайриятки, охирги ташаббусларга кўра, қонун лойиҳалари ҳам, уларнинг муҳокамалари ҳам, қабул қилиниши ва зарур ҳолда уларга шарҳлар ҳам фақат давлат тилида бўлади. Чунки, тилимизнинг давлат мақомига эга эканига қонуний асос бор ва шундай бўлиши ҳам керак! Қонунчилик амалиётига давлат тили ислоҳотларини жорий этишнинг қанчалик муҳим ва зарурлигини тобора ҳис қилиб боряпмиз.
Хуллас, бугунги мажлисда кўрилган қонун лойиҳасига кўра, қуйидаги қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга тўғри келмоқда:
- Ўзбекистон Республикаси Конституциясига;
- Ўзбекистон Республикасининг 5 та Конституциявий қонунларига;
- Ўзбекистон Республикасининг 19 та кодексига;
- Ўзбекистон Республикасининг 278 та қонунларига.
Қонун лойиҳасига киритилган ҳужжатларнинг умумий хажми қарийб 7000 минг вароқ экан. Тасаввур қиляпсизми?
Қонун ҳужжатларининг рус тилидаги матнларида «законодательство», «акт законодательства» ва «законодательный акт» тушунчаларини давлат тилига қуйидагича таржима қилган ҳолда миллий қонунчиликда ишлатиш таклиф этилмоқда:
1) «законодательство» – «қонунчилик»;
2) «акт законодательства» – «қонунчилик ҳужжати»;
3) «законодательный акт» – «қонун ҳужжати».






