АсосийЖАМИЯТ

Рақамлар гапиради: Риштонни 2019, 2020 ва 2021 йиллар бўйича солиштирамиз

Биз Фарғона водийсидамиз! 11 декабрь куни Фарғона вилояти Риштон  туман ҳокими Субҳон...

'Рақамлар гапиради: Риштонни 2019, 2020 ва 2021 йиллар бўйича солиштирамиз'ning rasmi

Биз Фарғона водийсидамиз! 11 декабрь куни Фарғона вилояти Риштон  туман ҳокими Субҳон Солиев ўзи раҳбарлик қилаётган туманнинг 2020 йилги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунларига ҳамда келгуси йилги режалари бўйича халқ депутатлари туман Кенгашига мурожаатномасини ўқиб эшиттирди. Мамлакатимиз тарихида илк маротаба халқ олдида қилган йиллик ишлари юзасидан ҳокимларнинг ҳисоб бериши кераклигини Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаган эди. Суфҳон Солиевнинг ўтган йилларда қилган ва 2021 йил учун режалаштираётган ишлари рақамларга, рақамлар эса сўзларга кўчганда улар қандай акс эттириларди? Демак, бугун мана шу рақамларни “гапиртирамиз”.

ТУМАННИНГ ДАРОМАДЛАРИ 

2019 йил якуни билан ишлаб чиқилган рейтинг натижаларига кўра "ўрта" баҳоланган Риштон тумани ҳоким Суфҳон Солиевнинг таъкидлашича:

Махаллий бюджет даромадларининг бу йилги 11 ойлик режаси 86.5 млрд. сўм бўлгани билан, ҳақиқатда 93.5 млрд. сўмга ортиғи билан бажарилган – 108 %. Ўтган йил билан таққослаганда эса 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 1.3 млрд. сўм кўп тушум туширилган. Йиллик даромадлар режада 101.0 млрд. сўмни ташкил этса-да, амалда 103.0 млрд. сўмга бажарилган – 102 %.  Бундан ташқари, бюджетга қўшимча 2.0 млрд. сўм маблағ жалб қилиниб, ушбу маблағлар зарур ижтимоий-иқтисодий йўналишларга сарфланиши режалаштирилган.

ТУМАННИНГ ХАРАЖАТЛАРИ

2020 йил учун жами бюджет харажатлари режаси 118.7 млрд. сўмни ташкил этиб, шу кунга қадар 106.2 млрд. сўмлик ёки 89,4 фоиз харажатлар қоплаб берилган. 2020 йил якунида даромадлар ўз вақтида туширилиб, бюджет ҳаражатлари тўлиқ  молиялаштириб берилади.

ОҒРИҚЛИ МУАММО – БАНДЛИК ҚАНДАЙ ҲАЛ ЭТИЛГАН?

Агар 2019 йилда 91,1 фоиз иқтисодий фаол аҳолининг бандлиги таъминланган бўлса, жорий йилнинг 9 ойида 91,4 фоиз, 2021 йилда эса бу кўрсаткич тумандаги 100 дан ортиқ янги инвестиция лойихаларини амалга ошириш орқали 93.0 фоизга етказилади.

Риштон тумани Ахоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан 2020 йил январ-ноябр ойларида 2399 нафари (1249 нафари аёллар,ёшлар 921 нафар) доимий иш жойларига ишга жойлашишга кўмаклашилган.

Бундан ташқари, 3366 нафар (1677 нафари аёллар, ёшлар 1161 нафар) фукаролар: 

  • ободонлаштириш ишларига 2813 нафар;
  • мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларига 31 нафар;
  • ногирон, кекса беморларни парваришлаш сохасига 6 нафар;
  • курилиш йуналишида 45 нафар;
  • саноат тармоқлари ва хизматлар кўрсатиш соҳасига 70 нафар;
  • дизенфекция ишларига 355 нафар;
  • хайрия марказларига 30 нафар ва бошқа йўналишларга 10 фукаролар жамоат ишларига жалб этилган. 

Ушбу фуқароларни иш хақлари учун жамоат ишлари жамғармаси томонидан ажратилган маблағ миқдори - 2605.9 млн. сўм. (Бу ўртача ойлик 774 минг сўмни ташкил этади.)

2020 йил давомида 11 маротаба “Бўш иш ўринлари” мехнат ярмаркалари ташкил этилган. Унда 303 та корхона ва ташкилотлар ўзларининг 1116 та бўш иш ўринлари билан қатнашган. Ярмаркада жами 593 нафар фуқаролар иштирок этиб, уларнинг 101 нафари турли корхона ташкилотларга ишга жойлаштирилди. 

Риштон туманида 2020 йилда турли йўналишларда бўлган 30 та инвестиция лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига 596 та янги иш ўринлари яратилиши белгилаб олинган. Шундан 23 та инвестиция лойиҳаларнинг ишга туширилиши ҳисобига 225 нафар янги иш ўринлари яратилган. Қолган лойиҳалар декабр ойи якунига фойдаланишга қабул қилиниши кўзда тутилган. 2021 йилда эса 113 та инвестиция лойиҳалари шакллантирилиб, жами 3518 та янги иш ўринлари яратилади.

ИМПОРТ 4 БАРАВАРГА ҚИСҚАРГАН. БУНГА САБАБ НИМА?

Суфҳон Солиевнинг келтиришича, туманда 2019 йил 1 ноябрь ҳолатига жалб этилган импорт ҳажми 5 461,8 минг АҚШ долларни ташкил этган бўлса, 2020 йилнинг шу даврида 1344,9 минг АҚШ долларни ташкил этиб, 4 бараварга қисқарган. Бунга сабаб эса чегараларни “ёпиб қўйган” пандемия эмас, балки, ишлаб чиқаришда қўлланиладиган ускуналар, ҳом-ашё ва маҳсулотларнинг маҳаллий тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилиши бўлди.

ГАЗ: НИМАЛАР ҚИЛИНДИ ВА ҚИЛИНАДИ?

2020 йилда туманда табиий газ таъминотини яхшилаш бўйича 6,6 км табиий газ тармоқларини реконструкция қилиш учун 1,583 млрд.сўм, 370 дона газ тақсимлаш қурилмаларини капитал таъмирлаш учун 37 млн.сўм, 1000 дона суюлтирилган газ балонлари захирасини яратиш учун 300 млн.сўм сарфланган.

2021 йилда эса туман марказига келтирувчи d-57 ммли 1700 метр газ қувурини d-89 ммли қувурга алмаштириш, 1 дона ИСУЗУ автоулови ажратиш ишлари режалаштирилган.

ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИДА-ЧИ?

2020 йилда электр таъминоти бўйича 7 та трансформатор пуктларини реконструкция қилиш, 29,9 км хаво тармоқлари тортиш, 43 та трансформатор пуктларини мукаммал таъмирлаш, 113,9 км хаво тармоқларини мукаммал таъмирлаш, 600 дона темир бетон таянч устунлари ўрнатиш ишлари амалга оширилди.

2021 йилда 8 та трансформатор пуктлари ўрнатиш, 47,7 км тармоқ тортиш, 120,0 км хаво тармоқларини ва 57 дона трансформатор пуктларини мукаммал таъмирлаш ҳамда 800 дона темир бетон таянч устунлари ўрнатиш ишларини амалга оширилиши режалаштирилган.

СУВ, КАНАЛИЗАЦИЯ ВА ТЎЛОВЛАР...

2020 йилда туманнинг 12 та ҳудудига 13,6 км ичимлик сув тармоқлари тортиш, 1 дона қудуқ қазиш, 1 та сув минораси реконструкция қилинди. Ушбу ишларни амалга оширилиши натижасида 3300 нафар истеъмолчиларни ичимлик сув таъминотини яхшилашга эришилди. Туман аҳолисининг 66,8 фоизи марказлашган ичимлик суви билан, 2,4 фоизи канализация хизматлари билан таъминланган бўлиб, сув таъминоти корхонаси томонидан аҳолига кўрсатилган хизматлар учун тўловларни ундириш даражаси ўртача 92,1 фоизни ташкил этади. Ҳозирги кунда 2 дона қудуқ қазиш ҳамда 2 дона сув минораси ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда.

2021 йилда оқава сув тозалаш иншоотини ва 18 км оқава сув тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш, 17,0 км сув тармоқ тортиш, 2 дона қудуқ қазиш, 4 дона сув минораси ва 4 дона сув насоси ўрнатиш ишлари режалаштирилган.

Хулоса ўрнида

204 минг аҳолисига эга Риштон туманида йирик савдо тармоқларининг, туризм йўналишида Ўзбекистонда аналоги йўқ ҳунармандчилик шаҳарчаларининг мавжудлиги, асосий йўлларнинг текис ва равонлиги, шаҳарнинг эса ободлиги юқоридаги кўрсатгичларнини амалда тасдиқлаб турибди. 2021 йил учун берилган ваъдаларни эса келгуси йил давомида кузатамиз, таҳлил қиламиз ва таққослаймиз.

Айни пайтда Фарғона шаҳар ҳокимияти биносида шаҳар ҳокими Ҳамид Ҳабибидиновнинг мурожаатномаси ўқиб эшиттирилмоқда. Бу ҳақда кейинроқ батафсил хабар берамиз.  

 

Сардорбек РАҲМОНҚУЛОВ

    Бошқа янгиликлар