2505 та лойиҳа... 19,9 трлн. сўм пул... 75,5 мингта янги иш ўринлари... Фарғона вилояти ҳокимлиги биносида давом этаётган ҳоким мурожаатномасида келгуси йили вилоятда қилиниши керак бўлган ишлар юзасидан Хайрулло Бозаров Фарғона вилояти туманлари масъуларининг масъулиятларини ҳам бўйнига олиб катта ваъдалар берди. “Бу, шунчаки, қуруқ ваъдалар эмас, бу рақамларни айтиш учун 2 ой тайёргарлик кўрдик”, - дейди ҳоким. Бу ҳақда "Даракчи" мухбири хабар бермоқда.

ЙИЛ НИМАДАН БОШЛАНАДИ?
Ҳокимнинг ваъдасига кўра, 2021 йилнинг январь ойи 50 та янги ташкил этилган кичик саноат зоналарини тадбиркорларга бўлиб бериш билан бошланади.
Шунингдек, 2021 йил давомида:
- 1096 та хизмат кўрсатиш субъектлари ташкил этилади;
- Вилоятнинг Данғара ва Ёзёвон туманлари ҳудудидан ўтган
А-373 автомобил йўли ёқасида замонавий архитектура талабларига мос келадиган 456 та савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари фаолияти йўлга қўйилади; - Иқтисодий ривожланиш суръатлари паст деб баҳоланган “қониқарсиз” 3 та туман Ёзёвон, Қўштепа ва Фурқат туманларида “пилотный” тажриба сифатида ихтисослашган технопарклар ташкил этилиб, бунинг ҳисобига ҳар бир туманда 2-3 мингтадан иш ўринлари яратилади;
- 2021 йил 1-ярим йиллигида саноат йўналишида ишлаб чиқилган жами қиймати 1.8 трлн. сўм бўлган26 та лойиҳаларни 8 та цемент ишлаб чиқарувчи корхоналарни қурилиш кластерларига айлантириш орқали жами қиймати 1.7 трлн. сўм бўлган лойиҳаларни амалга оширишни таъминланади;
- маҳаллийлаштириш дастури доирасида жами 116 та лойиҳаларда 1,1 трлн.сўмлик импорт ўрнини босувчи саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш эвазига 108,0 млн.долларлик импорт ўрнини босиш самарадорлигига эришилади ҳамда 845 та янги иш ўринлари яратилади;
- Кредит портфели 10 триллионга оширилади (Таҳр. Бу йилгидан икки баравар кўп);
- Сўх туманининг табиий қазилма бойликларини ўзлаштиришга эътибор қаратилади.

ХОРИЖИЙ ИНВЕСТИЦИЯЛАРНИ ЖАЛБ ЭТИШ
2021 йилда 500,0 млн. доллар миқдорида инвестициялар жалб этилиб, бу йўналишда амалга ошлириладиган 122 та лойиҳалар бўйича ҳозирги кунда тармоқ жадвалларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда. Хусусан, 2021 йилда вилоятда қуйидаги йирик инвестицион лойиҳалар:
- Бешариқ туманидаги "Farg'ona Yasin qurilish mollari" МЧЖ ҚК томонидан 80,0 млн.доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилиниб, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади;
- Фурқат туманидаги “BNBM building materials central Asia” МЧЖ томонидан қурилиш материаллари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш учун 50,0 млн.доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилади.
ЧЕТДА ЮРГАН ТАДБИРКОР ФАРҒОНАЛИКЛАР ҲАМ ЖАЛБ ҚИЛИНАДИ
“Хорижда, Тошкент шаҳрида, бошқа вилоятларда юрган, бизнес билан шуғулланадиган фарғоналикларнинг аниқ рўйхатини олиш ва ҳар бири билан боғланиб, ўз юртларига келиб сармояларини киритишига ундаш керак. Бу билан ҳар бир сектор раҳбари шуғулланади. Барча вилоят ташкилотларини раҳбарлари ҳам, қайси тоифадан бўлишидан қатъий назар биттадан хорижда юрган ва биттадан ўзимизда юрган тадбиркорларни топиб лойиҳа қилдириш чораларини кўради”, – деди ҳоким.
Сардорбек Раҳмонқулов






